Улуғ мутафаккир Мир Алишер Навоий бобомизнинг: “Тилга эътибор – элга эътибор”, деган доно ўгитларига амал қилган ҳолда, юртимизда тил масаласида олиб борилаётган давлат сиёсати инсон қадрини улуғлашга қартилган туб ислоҳатларга ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир.
Шу муносабат билан юртимизда 21 октябрь куни «Ўзбек тилига Давлат тили макоми берилганлигининг 33 йиллиги» муносабати билан «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» шиори остида байрам тадбирлари ўтказилди. Тадбирлар Ўзбекистон Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси тизимида ҳам кенг қамровда ташкил этилди.
Жумладан тармоқ касаба уюшмасининг худудий бирлашмаларида, меҳнат жамоаларида, ташкилотлар ва корхоналарда «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» мавзусида маданий тадбирлар ташкил этилди. Бу тадбирларда ўзбек тилининг ҳуқуқий мақомини белгилашда енгиб ўтилган қийинчиликлардан тортиб ҳозирги кунда тилимизнинг бой имкониятларидан кенг фойдаланиш учун яратилган шарт – шароитлар ҳамда давлат тилини янги поғонага олиб чиқиш борасида қилинаётган саъй-ҳаракатлар алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, Навоий вилоят бошқармаси томонидан тасарруфидаги вилоят «Иссиқлик манбаи» ДУКда Ўзбек тилига-Давлат тили мақоми берилганлигининг 33 йиллик муносабати билан маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Навоий Давлат Кончилик ва технологиялар университети доценти А.Р.Турсунов ҳамда бошқарма ва корхона ишчи ҳодимлари иштирок этиб ташкилотчилар томонидан тайёрланган саҳна кўринишларидан баҳраманд бўлдилар. Ўз ўрнида, фаол тадбир иштирокчилари касаба уюшмасининг эсталик совғалари билан тақдирланди.
Тошкент шаҳар бирлашган қўмитаси томонидан “Ўзбек тили байрами куни” мунособати билан, шу йил 20 октябрь куни “O’rikzor savdo kompleksi” MChJда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар ва ишчи ходимлар ўртасида, Жаҳон тиллари Университети Ўзбек тили кафедраси ўқитувчилари Д.Пўлатова, З.Шарипов ва Хитой давлатининг Пекин шаҳридан ўзбек тилини ўрганишга келган 9 нафар талабалар иштирокида “Она тили – бу миллатнинг руҳидир…”мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбир жараёнида унверситет ўқитувчилари тил-давлат тимсоли, мулки, руҳи, миллатнинг маданий ва маънавий бойлиги, халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи ва тарихи тўғрисида маъруза қилган бўлса, бир ой олдин Пекин шаҳридан келган талабалар ўзбек тилида ўзларини яқиндан таништириб, ўзбек тилида шеърлар ўқиб, тадбир кўтаринки рухда ўтишига ўз хиссаларини қўшдилар.,
Тилимизни эъзозлаш, унинг давлат тили сифатидаги мақоми, жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамиша долзарб маънавий бурчимиз бўлиб қолишига эътибор қаратилди.
Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш учун уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига киритишда ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарурлиги ҳамда ҳар биримиздан тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашишни талаб этиши таъкидланди.