Ўзбекистон Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ташаббуси билан 11 ноябрь – “Касаба уюшмалари куни” байрам тантаналарининг режаларига мувофиқ, 3 ноябрь куни, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг малака ошириш институтида, Республика “Кўзи Ожизлар жамияти” ҳамда “Карлар Жамияти”нинг касаба уюшмасига аъзо ходимлар учун дастурхон ёзилиб, “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” ғояси мужассам этилган мурувват тадбири ўтказилди.
Тадбирни Республика Кенгаши раиси У.Мухамедов очиб бергандан сўнг Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари А.Юлдошев, Тошкент вилояти касаба уюшмаси бирлашмаси раиси М.Носиров нутқ сўзладилар. Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда имконияти чекланган инсонларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, фаровон турмуш кечириши учун барча шароитлар яратиб берилганини эътироф этишди.
– Имконияти чекланганига қарамай жамиятнинг фаол аъзолари орамизда анчагина. Уларнинг ҳаётга шукроналигига ҳавас қиласиз, – дейди Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятига қарашли “Чўтка” ўқув-ишлаб чиқариш корхонасида 26 йилдан буён касаба уюшма раиси бўлиб ишлаб келаётган Қудрат Содиқов. –Жамиятимиздаги 63 нафар ишчидан 39 нафари I ва II гуруҳ ногиронлари. Давлатимизнинг бизга кўрсатаётган эътиборидан ниҳоятда мамнунмиз.
Тадбирда “Карлар Жамияти” га қарашли алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган 106-сонли мактаб-интернати ўқувчилари томонидан ажойиб саҳна кўринишлари тақдим этилди хамда “Кўзи ожизлар жамияти” аъзоси Ботир Зокиров номидаги кўрик танлов ғолиби Нуралиев Салохиддин томонидан куйланган тароналар байрамга ўзгача файз бағишлади.
Тадбир доирасида, фахрийлар ва касаба уюшмаси аъзоларини, қарийб 1 асрдан ортиқ тарихга эга бўлган Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихи музейига ташрифи амалга оштирилди. Музей энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, унда касаба уюшмалари тузилган дастлабки йиллардан то бугунгача бўлган барча фаолият ва жараёнлар, соҳага доир хат-ҳужжатлар, фото ва видео материаллар мужассам. Эътиборли жиҳати, музейга жойлаштирилган буюмлар 1925 йилдан 2022 йилгача бўлган даврни ўз ичига олган. Меҳмонларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва унга аъзо ташкилотларнинг охирги йиллардаги меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида олиб бораётган самарали фаолияти хақида тушунтирилди.
Тадбирда иштирок этган 70 га яқин Республика “Кўзи ожизлар” ҳамда “Карлар Жамиятлари”нинг касаба уюшмаси аъзоларига ва фахрийларига касаба уюшмасининг эсталик совғалари топширилди.