Айни вақтда қишнинг қаҳратон совуқлари ва ёзнинг жазирама иссиқ кунларида ҳам кўчаларда фидокорона меҳнат қилаётган, шаҳар ва туманлар ободонлиги учун ўз хизмат вазифасини сидқидилдан бажараётган меҳнаткаш ходимларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Қайноқ қалблар” ижтимоий лойиҳаси изчил равишда амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Наманган вилояти кенгаши ҳамда Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси Наманган вилояти бирлашган қўмитаси ҳамкорлигида навбатдаги хайрли тадбир ташкил этилди. Тадбир давомида ободонлаштириш соҳасида фаолият олиб бораётган ходимларга самимий эътибор кўрсатилиб, уларга қайноқ қаҳва улашилди. Бу орқали нафақат совуқ кунларда иссиқлик, балки инсон қадрига бўлган ҳурмат ва меҳр-оқибат ифодаси намоён этилди. Ташкилотчилар томонидан таъкидланганидек, “Қайноқ қалблар” лойиҳасининг асосий мақсади — жамоатчилик эътиборини кўзга кўринмас, аммо жамият ҳаётида ўта муҳим ўрин тутадиган меҳнаткашларга қаратиш, уларнинг машаққатли меҳнатини қадрлаш ҳамда маънавий қўллаб-қувватлашдан иборат. Ободонлаштириш ходимлари мазкур ташаббусни илиқ қабул қилиб, кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирдилар. Улар бундай тадбирлар меҳнатга бўлган муносабатни янада юксалтиришини, ишга бўлган руҳий куч ва масъулиятни оширишини алоҳида қайд этдилар. Қайд этиш жоизки, “Қайноқ қалблар” лойиҳаси келгусида ҳам вилоятнинг турли ҳудудларида давом эттирилиб, оғир шароитларда меҳнат қилаётган турли соҳалар вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ижтимоий аҳамиятга эга тадбирлар билан бойитиб борилади.
