Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан меҳнаткашлар ўртасида миллий ғоя тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида “Маънавият соати” тадбири ўтказилиб келинмоқда. Навбатдаги “Маънавият соати” тадбири Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 28 декабрдаги “2018-йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги Фармонининг мазмунини англаш мавзусида бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Касаба уюшмалари Республика Кенгашлари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти касаба уюшмалари бирлашмалари, “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари таҳририяти, Санатор-курортлар бошқармаси масъул ходимлари қатнашишди.
Республикамиз Президентининг “2018-йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги Фармонининг моҳиятини ишчи ходимларга тушунтириш ва ижросини таъминлаш тадбирнинг асосий мақсади қилиб қўйилди.
Шунингдек, тадбир доирасида аҳолининг яшаш фаровонлиги ва турмуш даражасини кўтариш, ходимларнинг меҳнат қилиши ва дам олиши учун қулай шароитлар яратиш ҳақида сўз борди. Иштирокчилар янги фармонга кўра 3-5 кунлик байрам таътилини самарали ўтказиш, юртимизнинг тарихий шаҳарларига оилавий саёҳат қилиш, яъни ички туризмни ривожлантириш борасидаги амалий ишлар билан яқиндан таништирилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши юридик бўлими мудири Ҳ.Премкулов ҳамда Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири М.Исаевлар мавзу юзасидан маъруза қилишди.
Сўнгра иштирокчилар томонидан берилган “Таътил кунларининг кўпайиши иш ҳақини ҳисоблашга таъсир қиладими?” каби саволларга мутасадди ходимлар: “Иш ҳақини ҳисоблашда таътил кунларининг кўпайиши ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди, яъни бу ишчи ходимларнинг мазмунли дам олишига яратилган қулайликдир” – дея жавоб беришди.
Тадбир савол-жавоб тарзида давом этиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга етарлича жавоблар олишди. Хулоса қилиб айтганда мунтазам ўтказилиб бориладиган “Маънавият соати” тадбири доирасида энг муҳим масалалар ва янги қарорлар муҳокама қилиниб, ишчи-ходимларга тушинтириб борилади.