Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» танловини эълон қилади.
Танловда касаба уюшмасига аъзо турли соҳаларда фаолият юритаётган 35 ёшгача бўлган ёш мутахассислар «Энг фаол ёш банк ходими», «Энг фаол ёш ипакчилик саноати ходими», «Энг фаол ёш ички ишлар ходими», «Энг фаол ёш қурувчи», «Энг фаол ёш олим», «Энг фаол ёш тарбиячи», «Энг фаол ёш транспортчи», «Энг фаол ёш фермер», «Энг фаол ёш шифокор», «Энг фаол ёш авиаходим», «Энг фаол ёш геолог», «Энг фаол ёш дастурчи», «Энг фаол ёш кимёгар», «Энг фаол ёш кончи», «Энг фаол ёш машинасоз», «Энг фаол ёш металлург», «Энг фаол ёш нефтгаз саноати муҳандиси», «Энг фаол ёш темирйўлчи», «Энг фаол ёш электротехник», «Энг фаол ёш энергетик» йўналиш-номинациялари бўйича иштирок этиши мумкин. Талабгорлар танлов номинацияси номини кўрсатган ҳолда ўзи меҳнат қилаётган корхона касаба уюшмаси қўмитасига тегишли ҳужжатларни тақдим қилади.
Танлов уч босқич, яъни корхона, ташкилот ва муассаса (туман, шаҳар)лар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда республика босқичида тармоқлар миқёсида ўтказилади.
«Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» танлови ғолиблари орасидан сараланган мутахассис, яъни янги ишланма ва лойиҳаларига эга бўлган, лойиҳаси самараси мамлакатимиз иқтисодиётига ҳисса қўшадиган, ижтимоий-сиёсий фаол бир нафар ёш мутахассис касаба уюшмаларининг гранти билан тақдирланади. Танловда ҳар бир йўналиш бўйича ғолиблар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда бошқа ташкилотларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан мукофотланади.
Ғолибларга мукофотлар жорий йилнинг август ойида ташкил этиладиган «Ёш мутахассислар» V республика форумида тантанали равишда топширилади.
Танлов ҳақидаги маълумотлар билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг интернет тармоғидаги www.kasaba.uz портали орқали танишишингиз мумкин.
Мурожаат учун телефонлар:
(+998 71) 252-78-39, 256-76-57.