Ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган ёшларга оид давлат сиёсатининг изчил амалга оширилишида давлат ва нодавлат ташкилотларининг яқиндан ҳамкорлигини ташкил этиб бориш, ишчи касбларни оммалаштириш, ёшларда ўзлари танлаган касб ва ихтисосликларни чуқур ўрганишга қизиқишни кучайтириш, иқтидорли ёш мутахассисларни аниқлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Ёш мутахассислар” V республика Форумини ташкил этиш лойихаси доирасида “Йилнинг энг фаол ёш мутахасиси” танловини ўтказиш бўйича қарор қабул қилинган.
Ушбу қарорга асосан Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари тармоғида “Энг фаол ёш ипакчилик саноати ходими” номинацияси бўйича иқтидорлиларни аниқлаш белгилаб қўйилган.
Андижон вилоятида пилла етиштириш, ипак ва ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш саноати ҳам ўз ўрнига эга. Тармоқ касаба уюшма туман, шахар кенгашлари хизматидаги ипакчилик корхоналарининг иқтидорли ёш ходимлари ўртасида “Йилнинг энг фаол ёш ипакчилик саноати ходими“ йўналиши бўйича танловнинг худудий босқичи ўтказилди. Танловнинг худудий босқичида жами 11 нафар ёш ходим иштирок этди.
Танлов якунига кўра, 1-ўрин “Xarir tola” МЧЖ ходими О.Абдужалилов, 2-ўрин “Xanoy ipagi” МЧЖ ходими И.Ғофуров ва 3-ўрин “Royal silk” МЧЖ ходими Ғ.Махамматоваларга насиб этди. Ғолиблар касаба уюшма ташкилотчилари томонидан қимматбахо ва эсдалик совғалари билан тақдирланди ва танловнинг республика босқичига йўлланмаларни қўлга киритдилар.