Welcome to   Click to listen highlighted text! Welcome to

НАМАНГАН СОЧИҚЛАРИ ДУНЁ БОЗОРИДА

Наманган вилоятидаги нуфузли экспортчи корхоналардан бири “Наманган момиқ сочиқлари” МЧЖ нафақат мамлакатимизда, ҳатто хорижда ҳам доимий мижозларига эга корхоналардан ҳисобланади. Мазкур корхонада нафақат мижозлар кўнглига манзур маҳсулотлар ишлаб чиқарилади, балки ишчи-ходимларнинг сидиқидилдан ишлашлари учун барча шароит яратиб берилади. Тармоққа аъзо корхонада яратилган шароит, хусусан, ёш ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий манфаатлари ифода этилиши юзасидан Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Улуғбек Мирходжаев, раиснинг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Нурали Пардаев иштирокида тадбир ўтказилди.

          Тадбир аввалида корхона фаолияти билан тўлиқ танишилди. Ҳар бир бўлимда ишловчилар билан бевосита мулоқот ўтказилиб, мулоҳаза ва таклифлар тингланди.

          – Бизда сифат жуда юқори эканлиги, 30 турдан ортиқ маҳсулотларимиз асосан Болгария, Россия, Туркия, Беларуссия каби давлатлар бозорида “ART SOF TEX” брендига айланаётгани фахрланарлик ҳолат, – дейди корхона касаба уюшма қўмитаси раиси Ҳалима Муродова. – Бунда 235 нафар ишловчи, жумладан, 156 нафар аёл, 195 нафар ёшларнинг муносиб улуши бор, албатта. Ишчи-ходимларнинг ишини унумли бўлишида иш берувчи томонидан яратилаётган шароит – муносиб иш ҳақи, корхонага келиб-кетиш учун ташкил этилган махсус транспорт, бепул овқат, гигиена воситалари, иш кийимлари, байрамларда мукофотлар каби рағбатлантиришлар ҳам турибди.

          – Ишловчи ходимларнинг аксарияти коллеж битирувчилари эканлиги учун уларни қизиқтирувчи масалалар доирасида суҳбат ташкил этдик, – дейди тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Нурали Пардаев. – Ходимларнинг меҳнат қонунчилиги борасидаги билимларини бойитишга ўз ҳиссамизни қўшиш асосий мақсадимиздир. Тенгдошларимизнинг келажак борасидаги қатъий аҳдини тинглаш, аниқ режага эгалигини кузатиш ёқимли. Президентимизнинг “Биз қудратли тўқимачилик ва енгил саноатни ташкил этиб, пахта билан эмас, балки барча ривожланган мамлакатлари каби тайёр маҳсулотлар билан савдо қилмоғимиз зарур” деган кўрсатмаларини асосий шиор қилганликларини кўриб, Наманган бежиз республикада текстил-трикотаж соҳасида етакчига айланмаганини англадик. Зеро, мақсадни баланд олганлар ҳеч қачон адашмайди.

 

Дилдора РАҲМОНОВА,

“Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!