Даставвал фаолиятини тўқимачилик фабрикасида тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришдан бошлаган “WELLFORT” МЧЖ кейинчалик қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш каби кўп қиррали тадбиркорлик субъектига айлана борди.
Бунга айниқса Президентимиз ташаббуси билан қишлоқ хўжалигида кластер усулини кенг жорий юзасидан билдирган таклифлари ҳамда соҳада яратилган қулай имконият замин яратди.
“WELLFORT” МЧЖ негизида ташкил этилган “Бек кластер” МЧЖ шу йўналишдаги йирик субъектлардан бўлиб, унга Сирдарё вилоятидан 18 минг гектар ер ажратилган. Мазкур кўп тармоқли кластер томонидан Мирзаобод туманида 100 гектар майдонда иссиқхона ташкил этилган. Бу ерда йилига 25 миллион долларлик маҳсулот етиштириш, уларни 100 фоиз экспортга йўналтириш режалаштирилган.
Мирзаобод, Ховос, Сайхунобод туманлари ва Гулистон шаҳрида янгитдан фаолиятини бошлаган “Бек Кластер” масъулияти чекланган жамияти пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экиб, етиштиришдан тортиб, уларни қайта ишлаш, тайёр маҳсулотга айлантириб, экспорт қилишгача бўлган ишларни адо этади.
Яқинда мазкур корхона Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Гулистон шаҳар Кенгашига аъзо ташкилот сифатида қабул қилинди.
Корхонада ҳозирги кунда 6 минг киши иш билан таъминланган. Корхонанинг яқин келажак учун белгиланган 10 та лойиҳаси амалга оширилиши туфайли 10 минг киши доимий иш билан таъминланади. Хусусан, жорий йилнинг иккинчи ярмида бир кеча-кундузда 330 тонна пахтани қайта ишлайдиган қувватга эга завод қурилиши якунланади. Шунингдек, келгусида дон комбинати, шолини қайта ишлаш, ёғ заводлари, чорва озуқаси тайёрлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш линиялари ҳам ташкил этилади.