2019 йил 5 февраль куни Наманган вилоят “Сувоқава” ДУК биносида вилот корхонаси бўлим бошлиқлари, тизимдаги филиал раҳбарлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
19 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4040-сонли қарорида белгиланган вазифалар ижросига бағишланган семинар йиғилиши бўлиб ўтди.
Семинар йиғилишида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимлари истиқболини белгилаш ва ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Холиёр Данияров иштирок этди.
Вазирлик масъул ходими томонидан семинар йиғилиши иштирокчиларига қарорда белгилаб берилган вазифалар атрофлича тушунтириб берилди. Жумладан, қарорнинг 2-бандига мувофиқ 2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасида сув таъминоти ва канализация соҳасини ривожлантириш концепциясининг лойиҳасини ишлаб чиқиш лозимлиги, 9-бандида Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Қарши шаҳарларида сув таъминоти ҳамда канализация тизимларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга бериш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши зарурлиги айтиб ўтилди.
Шунингдек, қарорда Андижон, Наманган, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида Швейцария Конфедерацияси Ҳукуматининг грантлари иштирокида амалга оширилган тажриба лойиҳалари асосида сув таъминоти ва канализация объектларини бошқариш ҳамда улардан фойдаланишнинг тажрибадан ўтказилган ушбу шаклларини бошқа қишлоқ аҳоли пунктларида ҳам татбиқ этиш бўйича таклифлар бериш кўрсатиб ўтилган.
Юқоридаги белгиланган вазифалар юзасидан тизимдаги филиал раҳбарлари билан савол жавоб ва мухокамалар бўлиб ўтди.