Welcome to   Click to listen highlighted text! Welcome to

ЖАМОА ШАРТНОМАСИ НИМА БЕРДИ?

«Bahmal group» тизимига кирувчи «Урганч текх» масъулияти чекланган жамиятида  Жамоа шартномасининг 2018 йилда бажарилиши якунлари ҳамда 2019-2021 йиллар учун жамоа шартномасини тасдиқлашга бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Унда «Урганч текс» МЧЖ директори Санжар Аминов ва бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Санобар Искандароваларнинг кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳисоботи тингланди.

Қайд қилинганидек, ушбу корхонада 178 нафар касаба уюшма аъзоси фаолият кўрсатади. Уларнинг 154 нафари хотин-қизлар, қолаверса 59 нафари касб-ҳунар коллежини янги тамомлаган ёшлардир. Маъмурият  ва касаба уюшма ҳамкорлигида Жамоа шартномасига киритилган барча бандлар ижроси таъминланишига эришилди.  Аввало,  ходимларга бехатар, қулай иш ва дам олиш шароитлари яратиб беришга ҳаракат қилинмоқда.  Бепул тушлик, қатиқ маҳсулотлари ва транспорт қатнови йўлга қўйилган.  Махсус кийим ва ҳимоя воситалари ўз вақтида бериб борилмоқда. Ходимлар ҳар йили иш берувчи ҳисобидан тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.  Спорт анжомлари билан таъминланган махсус хона ходимлар хизматида. Ишлаб чиқаришда кейинги 3 йилда бахтсиз ҳодиса рўй бермади. Касб касаллигининг олдини олиш чоралари мунтазам кўрилмоқда. Касаба уюшмаси томонидан ўтган йили Бухоро шаҳрига саёҳат ташкил қилинди, театр томошаларига чипталар олиб берилди, ходимларни санаторийларда, болаларни оромгоҳларда соғломлаштириш чоралари кўрилди. Айтайлик,  касаба уюшма томонидан маданий оммавий тадбирлар учун 40 миллион сўмга яқин,  ходимлар ва болаларни соғломлаштириш учун 12 миллион сўмга яқин, жамоа шартномасида кўрсатилган жами тадбирлар учун 77 миллион сўмдан ортиқ маблағлар сарфланган.

Жамоа шартномаси бажарилишини текшириш комиссияси аъзоси Жасурбек Раҳимов ҳар бир банднинг ижроси таъминланганлигини, иш берувчи ва касаба уюшма томонидан  сарфланган  маблағларнинг асослилигини эътироф қилди. Касаба аъзолари Муқаддас Ибрагимова, Лайло Маҳмудова ва бошқалар янги жамоа шартномаси юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

– Ҳақиқатан ҳам ушбу корхонада иш берувчи ва касаба уюшмаси ҳамкорлигида ходимлар учун яратилган шароитларга ҳавас қилса арзийди,-дейди йиғилишда иштирок этган Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси ўринбосари Шавкат Қодиров.- Биз тизимдаги барча ишлаб чиқариш корхоналарида шундай муҳитни юзага келтиришга ҳаракат қиляпмиз.

Йиғилишдан сўнг тармоқ касаба уюшмаси республика ва вилоят  ташкилотлари мутасаддилари билан очиқ мулоқот ташкил қилинди.  Касаба уюшмалари тизимидаги ислоҳотлар, халқаро ҳамкорликнинг мустаҳкамланаётганлиги, тармоқдаги янгиликлар ва режалар ҳақида ахборот берилди.  Корхона ходимлари  ўз таклиф ва истакларини баён қилдилар.  Бир гуруҳ фаол ишчиларга касаба уюшмаларининг совғалари тақдим этилди.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!