Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Ёшлар бирлашмаси Раёсати аъзолари малакасини ошириш, тизимда ёшлар сиёсати самарадорлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ўқув марказида беш кун мобайнида ўқув машғулотлари бўлиб ўтди.
Унда ЎзКУФК Ёшларга оид сиёсати Концепцияси, ижро интизоми ва ҳужжатлар билан ишлаш, тадбиркорлик фаолиятида шахслараро муносабатлар, ижтимоий шериклик, Бош келишув, тармоқ ҳудудий келишувлари ва жамоа шартномалари, психотренинг машғулотлари, жамоатчилик билан алоқалар – касаба уюшмалари фаолиятини ОАВда ёритиш, маънавий хавфсизлик масалалари, халқаро шартномаларнинг ҳуқуқий асослари, тизимда электрон ҳужжат айланиш тизимини жорий этиш, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган устувор йўналишлар бўйича мутахассислар ҳамда профессор-ўқитувчилар томонидан тингловчиларга маърузалар қилинди.
Дарс жараёнлари қандай ўтгани, тингловчилар машғулотлар давомида қандай таассуротларга эга бўлгани билан қизиқдик.
– Ўтилган дарслар ичида психологик тренинг машғулоти жуда маъқул бўлди, – дейди Хоразм вилоятидаги «Хоразм ипаги» МЧЖ меҳнат муҳофазаси муҳандиси Ҳамидбек Матсаидов. – Ишхонада, ҳамкасблар орасида, умуман, иш жараёнида турли ҳолатларда психологик вазиятдан чиқиш, ходимлар билан мулоқот жараёнида юзага келадиган тушунмовчиликларнинг олдини олиш бўйича фойдали маслаҳатлар берилди.
– Касаба уюшмалари томонидан ёшларга қаратилаётган эътибор, соҳада фаолият юритаётган раҳбар ходимларнинг малакасини ошириш борасидаги ишлар эътирофга лойиқ, – дейди Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги «Huashen silkworm pro» ҚК МЧЖ директорининг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари, касаба уюшма қўмитаси раиси Ҳасан Бердиев. – Дарсдан сўнг уюштирилаётган маданий тадбирлар, жумладан, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси, Ўзбекистон амалий санъат музейи, Тошкент давлат мусиқали комедия театри ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига экскурсиялар ҳар бир тингловчи учун фойдали бўлди.
– «Тошкентга бир ҳафталик ўқув машғулотига борасиз», деб айтишганида, тўғриси, хаёлимдан «зерикарли, вақт ўғирлайдиган ва ишдан қолдирадиган дарслар бўлса керак», деган фикр ўтганди, – дейди «Сирдарё матбуот хизмат» МЧЖ раҳбари Камолиддин Ҳошимов. – Машғулотларда қатнашгач, амин бўлдимки, маърузачиларнинг соҳага оид ҳаётий ва тажрибага асосланган маълумотлари касбий фаолиятим учун жуда зарур экан. Айниқса, Ички ишлар академияси профессори, юридик фанлар доктори Гулчеҳра Маткаримованинг маънавий хавфсизлик масалалари ва ахборий хуружлар мавзусидаги маърузаси менда катта таассурот қолдирди.
Бундан ташқари, ўқув машғулотларида иштирок этган Қорақалпоғистон Республикаси Уй–жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги умумий бўлим бошлиғи Илҳом Ибрагимов касаба уюшмаларининг ёшлар сиёсатига доир Концепцияси доирасидаги асосий тушунчалар мазмун-моҳияти билан яқиндан танишгани ҳамда тизим доирасидаги муҳим жиҳатларни янада яхшироқ билиб олганини таъкидлади.
Сирасини айтганда, ҳар бир тингловчи маъруза ва экскурсиялар давомида олган таассуротлари билан ўртоқлашар экан: “Бу каби ўқув машғулотлари ҳар йили ўтказилса яхши бўлар эди!”, деган фикрни айтди. Шунинг ўзиёқ ўқув машғулотларидан кўзланган мақсадга эришилганини исботлайди.
Ўқув машғулотлари якунида ўтилган мавзулар юзасидан тест усулида имтиҳон олиниб, унинг натижаларига кўра тингловчиларга ЎзКУФК Ўқув марказининг гувоҳномалари топширилади.