Бош қомусимиз Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 37-моддасида “Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир” деб белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 161-моддасида “Меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас”лиги белгиланган.
Жорий йилнинг 29 март куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига Сурхондарё вилояти, Бойсун тумани, “Оби” маҳалласида яшовчи фуқаро Идрисов Назратилло Раззакович “Орзу” хусусий ишлаб чиқариш савдо фирмаси маъмуриятидан иш ҳақиларини ундириб беришда амалий ёрдам сўраб ёзма равишда шикоят йўллаган.
Мазкур шикоят тегишлилиги бўйича Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши бош юрисконсульти томонидан жорий йилнинг 29 апрель куни жойига чиқиб фуқаро Н.Р.Идрисов иштирокида кўриб чиқилди.
Шикоятни кўриб чиқиш натижасида “Орзу” хусусий ишлаб чиқариш савдо фирмаси маъмурияти томонидан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари талабларига риоя этмасдан қўпол равишда қонун бузилишига йўл қўйган.
Натижада аниқланган қонун бузилишлар юзасидан “Орзу” хусусий ишлаб чиқариш савдо фирмаси маъмуриятига тушинтириш ишлари олиб борилиб, фуқаро Н.Р.Идрисовнинг бир йилу уч ойлик тўланмаган меҳнат ҳақиси ундириб берилди.