Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 37-моддасида “Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир” деб белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашига жорий йилнинг 15 ва 28 январь кунлари “Бизнес-Daily Медиа” ноширлик уйи МЧЖ собиқ ходими “Кадрлар бўйича бош мутахассиси” Зокирова Феруза Жураваевна ноқонуний тартибда ишдан бўшатилганлиги сабабли ўз лавозимига ишга тиклашни, мажбурий прогул вақти учун ҳақ ва Янги йил байрами муносабати билан тўланиши лозим бўлган мукофот пулини ўндириб беришда амалий ёрдам сўраб ёзма равишда ариза шикоятлари билан мурожаат қилди.
Мурожаатларни ўрганиш давомида “Бизнес-Daily Медиа” ноширлик уйи МЧЖ Бош директори в.б. С.Ҳайдаров ўзининг хатти-ҳаракатлари натижасида Меҳнат кодексининг 92,100,101,102,103-моддалари, “Жамоа шартномаси”, “Бизнес-Daily Медиа” НУ МЧЖнинг моддий рағбатлантириш тўғрисидаги Низоми талабларини қўпол равишда бузганлиги аниқланди.
Жорий йилнинг 2 февралида “Бизнес-Daily Медиа” ноширлик уйи МЧЖ Бош директори в.б. С.Ҳайдаровга меҳнат ва касаба уюшмалари тўғрисидаги қонунлар бузилишини бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилди. С.Ҳайдаров томонидан тақдимномани қаноатлантириш рад этилгандан сўнг фуқаро Ф.Ж.Зокированинг манфаатини кўзлаб Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро судига ишга тиклаш, мажбурий прогул ҳамда мукофот пулини ундириш тўғрисида даъво аризаси тақдим этилди.
2016 йил 05 майдаги Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро судининг Ҳал қилув қарорига асосан Зокирова Феруза Жураваевнага янги йил байрами муносабати билан берилиши лозим бўлган мукофот пулини, Ф.Зокировани ишга тиклаш ўрнига унинг фойдасига уч ойлик иш ҳақи миқдорида 5.400.000 сўм қўшимча компенсация ва Ф.Зокированинг фойдасига етказилган маънавий зарар учун 1.800.000 сўм тўлаб бериш мажбуриятини “Бизнес-Daily Медиа” ноширлик уйи МЧЖ Бош директори в.б. С.Ҳайдаровга юклатилди.