27 июнь куни Касаба уюшмалари ёшларининг “ТЕМП – 2019” Тошкент халқаро форумининг иштирокчилари пойтахтимиздаги “Мустақиллик ва эзгулик монументи” пойига гул қўйдилар.
Шундан сўнг Ўзбекистон тарихи, Амир Темур, Алоқа тарихи музейларига саёҳатлар уюштирилиб, мамлакатимизнинг бой тарихи ва миллий анъаналари билан яқиндан танишдилар.
Кунниг иккинчи ярмида анжуман иштирокчилари Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ҳамда ушбу таълим муассасасидаги Ахборот технологиялари ва дастурий маҳсулотлар технологик парки бўлмиш “Технопарк”га ташриф буюрдилар.
“Имзо”, “Артел” ва “Краферс” корхоналарига ташриф чоғида иштирокчилар мазкур меҳнат жамоаларида ёш мутахассислар учун яратилган муносиб меҳнат шароитлари, давлат органлари, касаба уюшмалари ва иш берувчиларнинг самарали ижтимоий шериклиги натижасида ходимлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида эришилаётган ижобий натижалар, ушбу корхоналардаги бошланғич касаба уюшма қўмиталари фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Кун якунида иштирокчилар учун Алишер Навоий номидаги опера ва балет катта театрида ёш санъат намоёндалари ва санъат усталари иштирокидаги концерт дастури намойиш қилинди.
Бир неча кун давом этган Касаба уюшмалари ёшларининг “ТЕМП – 2019” Тошкент халқаро форуми иштирокчиларда Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган юксак эътибор, барча соҳаларда уларга яратилаётган зарур шарт-шароитлар, ёшлар ижтмиоий ҳимоясини таъминлашда юртимиз касаба уюшмаларининг тутган ўрни, қолаверса, Ватанимизнинг кўҳна ўтмиши ва бой маданияти ҳақида ёрқин тасаввур уйғотиши билан жиддий аҳамият касб этишига шубҳа йўқ.