25 июнь куни Касаба уюшмалари ёшларининг “ТЕМП – 2019” Тошкент халқаро форуми ўз ишини давом эттирди. Шу куни “Мамлакат ижтимоий ривожланишида касаба уюшмалари ёшларининг ўрни: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзуидаги халқаро конференция ўтказилди. Халқаро конференцияда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этиши, уларнинг бугунги кунда мамлакатда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларида, ижтимоий-иқтисодий ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишда фаол иштирок этаётгани, энг замонавий рақамли технологиялар асосида илмий-техникавий ривожлантириш жараёнида ўзига хос ютуқларни қўлга киритаётганларини, бунинг учун мамлакатимизда давлатимиз томонидан ёшларга барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилганлигини алоҳида таъкидлади. Президентимиз томонидан ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг ёшлар интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга ҳамда уларнинг амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга, ватан тараққиёти йўлидаги саъй-ҳаракатларга дахлдорлигини оширишга қаратилганлиги эътироф этилди. Бу борада олиб борилаётган тизимли ишлар халқаро ташкилотлар экспертлари ва ҳорижлик иштирокчилар томонидан юқори баҳоланди.
Шунингдек, Халқаро конференция давомида иштирокчилар мамлакатимиз касаба уюшмалари тизимида ёшлар билан ишлаш бўйича яратилган ўзига хос тизим ва механизмлар, касаба уюшмаларининг барча бўғинларида ёшлар масаласи билан шуғулланувчи тузилмалар фаолияти билан яқиндан танишдилар. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қошида, шунингдек, тармоқ ва ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларида Ёшлар бирлашмасининг ташкил этилгани, турли соҳаларда меҳнат қилаётган ҳамда таълим муассасаларида билим олаётган ёшларнинг касаба уюшма аъзолигига олингани, бу орқали уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоя қилинаётгани, касаба уюшмалари сафлари ёшлар сони ортиб браётгани ҳорижлик иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотиб, ижобий баҳоланди.
Халқаро конференция давомида иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиш имконига ҳам эга бўлдилар. Шундан сўнг конференция иши учта секцияга бўлинган ҳолда давом эттирилиб, уларда мавзу юзасидан қизғин муҳокамалар бўлди ва таклифлар ўртага ташланди. Халқаро конференция якунлари ююзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.
Конференциядан сўнг Касаба уюшмалари ёшларининг “ТЕМП – 2019” Тошкент халқаро форуми иштирокчилари Ўзбекистоннинг машҳур спортчилари, жаҳон ва олимпия чемпионлари, гросмейстерлар билан учрашдилар. Мини футбол, баскетбол, волейбол, сузиш, стол тенниси, бадминтон шахмат ва шашка бўйича дўстлик мусобақаларида иштирок этдилар. Конференциянинг у кунги ишига маданий тадбир якун ясади.