Welcome to   Click to listen highlighted text! Welcome to

Ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда

Тошкент шаҳрида Савдо, умумий овқатланиш, матлубот кооперацияси ва тадбиркорликнинг турли шакллари ходимлари касаба уюшмаси Халқаро Конфедерациясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Халқаро Конфедерация ва Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ўзаро ёрдам ва ҳамкорлик тўғрисида Келишувига асосан ташкил этилган мазкур анжуманда ташкилотга аъзо 8 та мамлакат тармоқ касаба уюшмаларидан жами 11 нафар вакил, шунингдек, Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, савдо соҳаси ходимлари касаба уюшмаси халқаро Конфедерацияси ва Франция тармоқ касаба уюшмаси (МОП) делегациясининг 5 нафар аъзоси қатнашди.

Тадбирлар доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти ва Савдо, умумий овқатланиш, матлубот кооперацияси ва тадбиркорликнинг турли шакллари ходимлари касаба уюшмаси Халқаро Конфедерацияси халқаро жамоат бирлашмаси раи­­си Валентина Митрофанова ўртасида мулоқот бўлиб ўтди. Самимий ва дўстона кечган мулоқот жараёнида ушбу нуфузли халқаро ташкилот ҳамда мамлакатимиз касаба уюшмалари ўртасида ҳамкорликни янада кучайтириш борасида фикр ва таклифлар билдирилди.

Маълумот учун айтиш жоизки, Савдо, умумий овқатланиш, матлубот кооперацияси ва тадбиркорликнинг турли шакллари ходимлари касаба уюшмаси Конфедерацияси (КПТ) 1991 йилда ташкил этилган бўлиб, офиси Россия Федерациясининг Москва шаҳрида жойлашган. Мазкур Конфедерация Кенгашига МДҲ давлатларидан Россия Федерацияси, Озарбайжон, Беларусь, Ўзбекистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон, Украина, Болтиқбўйидан Латвия ва Литва тармоқ касаба уюшмалари аъзо ҳисобланади.

Конфедерациянинг пойтахтимизда бўлиб ўтган йиғилишини Савдо, умумий овқатланиш, матлубот кооперацияси ва тадбиркорликнинг турли шакллари ходимлари касаба уюшмаси Халқаро Конфедерацияси халқаро жамоат бирлашмаси раиси Валентина Митрофанова олиб борди.
Конфедерация йиғилишида МДҲ давлатларида пенсия таъминоти тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. В.Митрофанова шу мавзуда сўз юритар экан, бугун касаба уюшмалари бу масала билан янада жиддий шуғулланиши лозимлигини таъкидлади. Айни пайтда МДҲнинг деярли барча давлатларида пенсия ёши қонунчилик даражасида ошмоқда, пенсия ёши аниқлашгандан сўнг ўз юртимизда пенсионерларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан чуқур шуғулланишимиз талаб этилади, дея қайд этди у.

Йиғилишда, шунингдек, Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг касаба уюшмасига аъзоликни рағбатлантириш самарадорлигини ошириш ва соҳа ходимларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга оид иш тажрибаси ҳақида сўз юритилди. Тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Улуғбек Муҳамедов шу хусусда қилган маърузасида мазкур йўналишдаги ишлар фаолиятда устувор аҳамият касб этаётганига урғу берди. Нодавлат секторда, жумладан, савдо, тадбиркорлик субъектлари ва бош­­қа турдаги корхоналарда ишловчилар манфаатларини ижтимоий шериклик асосида кенг қамраб олишга эришиш мақсадида ходимлар билан касаба уюшмасига аъзолик афзалликлари, иш берувчилар билан бу йўналишдаги ижтимоий шерикликнинг ҳар томонлама фойдали жиҳатлари хусусида тарғибот-тушунтириш ишларига, қолаверса, аъзоларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Ўз навбатида, йиғилишда сўз олган аъзо ташкилотлар раҳбарлари ҳам ўз мамлакатларида бу соҳада йўлга қўйилган тажрибалар ҳақида гапириб ўтишди.

Бундан ташқари, савдо, умумий овқатланиш, истеъмол кооперацияси ва тадбиркорликнинг турли шакллари ходимлари касаба уюшмаси Конфедерациясига аъзо ташкилотлар томонидан касаба уюшмалари ҳаракатини савдо соҳасида мустаҳкамлаш, касаба уюшмалари фаолиятининг самарадорлиги ва уларнинг обрўсини ошириш, аъзо ташкилотларнинг муаммоларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбир доирасида иштирокчиларга Тошкент, Самарқанд ва Бухоро бўйлаб саёҳат қилиш, савдо корхоналарига ташриф буюриш имконияти яратилди.

Виктор ПЕТРАЧЕВ,
Беларусь савдо ходимлари касаба уюшмаси Витебск вилояти ташкилоти раиси:

– Тадбир доирасида Самарқанднинг дунёга машҳур Сиёб бозори билан ҳам танишдик. Бу заминда етиштирилган сархил мевалар, қандолатчилар томонидан тайёрланган маҳсулотлардан тотиндик. Шарқона лутф-у карамга тан бермай илож йўқ. Сотувчилар савдо қоидалари даражасида фаолият юритмоқда. Бозорнинг озода-саранжомлиги ҳам эътиборимизни тортди.

Валерия ТРИКОЛИЧ,
Молдова истеъмол кооперацияси,
савдо ва тадбиркорлик касаба уюшмаси Федерацияси раиси:

– Бугунги йиғилишда Конфедерациямиз, жумладан, ҳар бир респуб­лика тармоқ касаба уюшмасининг келгуси ривожланиш йўллари белгилаб олинди. Биз касаба уюшмалари дуч келадиган долзарб муаммоларни муҳокама қиламиз, уларни ҳал этиш йўлларини излаймиз, жумладан, халқаро миқёсдаги ечимларни ҳам. Давра суҳбатларида конфедерация аъзолари орасида учрайдиган муаммоларни муҳокама қилдик. Уларни биргаликда ҳал этиш ва бутун ташкилотнинг ишини яхшилаш борасида чора-тадбирлар белгиладик.

Мамлакатимиздаги жиддий муаммолардан бири – ёшлар миграцияси. Ўйлайманки, ушбу муаммо ташкилотимизнинг бошқа аъзо-мамлакатларида ҳам мавжуд. Уни бартараф этиш учун янги иш ўринларини яратиш ва муносиб иш ҳақи тўланишини таъминлаш керак бўлади. Оилаларнинг турмуш фаровонлиги мамлакат ҳаётига жиддий таъсир этади.
Меҳнат шароитлари яратилган, инсон омили биринчи ўринга ­қўйилган ташкилотларда соғлом муҳит, соғлом жамоа бўлади. Биз бу борада муҳим омил сифатида жамоа шартномасини кўрамиз, чунки бу каби шартнома шакли қонуний ҳуқуқларни талаб қилиш ва таъминлаш имконини беради.

Жюльен ЮК,
Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, савдо соҳаси ходимлари касаба уюшмаси халқаро Конфедерацияси бош котиби:

– Касаба уюшмалари фаолияти мазмун-моҳиятида ишловчиларнинг манфаатларини ҳимоялаш мақсади туради. Бу борада уларнинг бирдамликда ҳаракат қилиши ижобий самара бериши шубҳасиз. Мен КПТга аъзо давлатлардаги, айниқса, Ўзбекистондаги тармоқ касаба уюшмаси иш таж­рибаси билан танишар эканман, мақсад ва йўналишларимиз яқин эканига ишонч ҳосил қилдим. Фақатгина ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, умумий ҳаракатларни бирлаштириш, ўзаро тажриба алмашиш орқали дунёдаги меҳнат аҳлининг манфаатларини ҳимоялаш борасида яхши натижаларга эришиш мумкин. Бугунги анжуман ҳам шунга хизмат қилади, деб ўйлайман.

 

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!