«Ходимлар манфаатдорлиги-бизнинг манфаатимиздир» дейди Урганчдаги «Мини аккумлятор» МЧЖ раҳбари Арслон Қаландаров
Ушбу МЧЖ 1991 йилда «Мини» кичик корхонаси сифатида 4 нафар ходим билан иш бошлаган эди. Тадбиркор йиллар давомида фаолиятини такомиллаштириш йўлида изланди. Муттасил равишда кўриб борилган чора-тадбирлар натижасида эндиликда «Мини аккумлятор» мамлакат миқёсида таниқли корхонага айланган. Жамият асосан «Жиззах аккумлятор заводи»АЖга турли маркада аккумлятор моноблоклари етказиб бериш билан шуғулланади. 2007 йилда жамият «Жиззах аккумлятор заводи» АЖнинг аккумлятор моноблокларга бўлган эҳтиёжининг 30 фоизини етказиб берган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткчи 80 фоиздан ошган. Жамият ИСО 9001:2015 халқаро стандарт дастури асосида фаолият кўрсатади.
Жамият раҳбари Арслон Қаландаров вилоятнинг таниқли тадбиркорларидан. Ишнинг кўзини билувчи, янгиликларга интилишдан тўхтамайдиган тадбиркор 2010-2011 йилларда маҳаллийлаштириш дастури асосида ишлаб чиқаришдан қилган даромад ва банк кредитлари асосида 2012 йилда ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ривожлантириш мақсадида Хитой Халқ Республикасидан янги дастгоҳлар олиб келди. Бунинг натижасида йиллик аккумлятор моноблоклари ишлаб чиқариш қуввати икки баробарга ошди. Натижада 10 нафар коллеж битирувчиси иш билан таъминланди. 2013 йилда эса янги дизайндаги пресс қолиплар сотиб олинди ва ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Эндиликда жамият Ўзбекистон автосаноат соҳасида ўз ўрнига эга. 2016 йилда 468 600 комплект моноблок ишлаб чиқарилган бўлса, 2019 йилнинг 11 ойида 547 800 комплект моноблок ишлаб чиқаришга муваффақ бўлинди.
Бозор талабларини ўрганган ҳолда, фаолиятни такомиллаштириш чоралари узлуксиз равишда кўриб борилмоқда. 2015 йилда корхона даромадлари ва банк кредит маблағлари ҳисобига полипропилендан иссиқ ва совуқ сув учун трубалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Натижада янги иш ўринлари сони 5 тага кўпайди.
2018 йилнинг октябрь ойидан бошлаб эса Ҳазорасп туманида фаолият кўрсатаётган «GM Ўзбекистон» АЖ корхонасига «Дамас» ва «Лабо» автомобиллари учун 4 та детал етказиб берилмоқда.
2019 йилда МЧЖ фаолияти янада кенгайди. Автомобилларни сиқилган газ билан тўлдириш компрессор станцияси ишга туширилди ва 25 та янги иш ўринлари яратилди.
Умуман, бугунги кунда МЧЖда 80 га яқин ишчи-хизматчи фаолият кўрсатади.
– Ишчи-хизматчилар учун муносиб иш шароитлари яратишга ҳаракат қиламиз. Ходим манфаатдорлиги-корхона манфаатдорлиги деб биламиз,-дейди тадбиркор Арсон Қаландаров.
Ходимларнинг ўртача иш ҳақи 950 минг сўмни ташкил қилмоқда. Ишчилар учун бепул иссиқ овқат, сут маҳсулотлари берилади. Корхона ҳисобидан махсус кийим-кечак билан таъминланган. Маданий ва жисмоний дам олишлари учун барча шароитлар яратилган.
МЧЖ ҳудудида узумзор ва боғ ташкил қилинган бўлиб, етиштирилган ҳосил ишчиларга тарқатилади. Балиқ ҳовузида етиштирилган балиқлар ҳам ходимларнинг тўғри овқатланишини ташкил қилишга йўналтирилган. Қолаверса, қўйчилик, паррандачилик ҳам йўлга қўйилган бўлиб, бу ҳам ходимлар манфаатига хизмат қилади.
Арслон Қаландаровни хоразмликлар олийҳиммат инсон сифатида ҳурмат қилишади. МЧЖ томонидан биргина 2018 йилда кўрсатилган хомийлик ёрдамлари салмоғи 100 миллион сўмдан баланд. «Ичан қалъа» давлат музей қўриқхонасига, «Ҳазрати Шаҳобиддин бобо», «Охун бобо» масжидларига, Урганч туманидаги оилавий болалар уйига, вилоят дзюдо курашини қўллаб-қувватлаш жамғармасига, Урганч давлат университети талабларининг конртакт пулларининг бир қисмини қоплашга ва бошқа ташкилотларга кўрсатилган хомийлик ёрдамлари қанча инсонларнинг қалбларига қувонч бағишлади.
Яқинда МЧЖга истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Бахтиёр Менглиев ташриф буюриб, ишчи-ходимлар билан суҳбатлашди. Самимий мулоқот чоғида касаба уюшмаларига аъзолик афзалликлари, жамоа шартномасининг аҳамияти тушунтирилди. Ишчи-ходимлар касаба уюшмасига бирлашиш таклифини илгари сурдилар. Иш берувчи ҳам ўз ходимларини қўллаб-қувватлади. «Мини аккумлятор» МЧЖда касаба уюшма қўмитаси ташкил қилиниб, хизматчи Ирода Қаландарова бир овоздан бошланғич қўмита раиси қилиб сайланди. Иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида жамоа шартномаси имзоланди.
– Биз ходимларимизни шундоқ ҳам ҳимоя қиляпмиз, буни касаба уюшмасисиз ҳам амалга ошира оламиз, деб ҳисоблардик. Масъул ташкилотчи билан мулоқотдан сўнг касаба уюшмасига аъзо бўлиш янада кўплаб имкониятлар беришини тушундик. Ходимлар ва уларнинг фарзандларини соғломлаштириш, саёҳатларини ташкил қилиш, бўш вақтларини мазмунли ўтказишда касаба уюшмаларининг кўмагидан самарали фойдаланамиз деб ўйлайман,-дейди корхона раҳбари.
Тармоқ касаба уюшмаси томонидан янги бошланғич касаба уюшма қўмитаси аъзоларини қўллаб- қувватлашга киришилди.