Дунёнинг паст-у баландини билган одамлар йилнинг келишига қараб ундан нима кутишини айта олади. Аммо 2020 йил ҳаммани шоширди. У юртдошларимиз учун ҳам, жаҳон аҳли учун ҳам оғир келди. Мен ҳам узоқ йиллар сиёсатнинг ичида юрган, бу ҳаётда яхши-ёмонни, оқ-у қорани етарлича кўрган ва уни ажрата олиш тажрибасига эга инсон сифатида бу борада фавқулодда бир тугал фикр айтишга, тўғриси, қийналаман.
Негаки, шундоқ кўз олдимизда бўлиб ўтган воқеалар, элимиз бошига тушган ташвишлар одамнинг хаёлини шоширади, фикрларни жамлашга изн бермайди. Кўрган-кечирганларимиз, мажозий айтганда, трагик фильмлар мотивларига ёки босиринқи тушга ўхшайди.
Афсуски, бу кўраётганларимиз туш эмас. У реал ҳаётда юз берган ва бераётган воқеалар. Албатта, бўлиб ўтган ва ҳамон давом этаётган ҳодисалар силсиласи барчамизнинг оромимизни ўғирлади, дилимизни хуфтон қилди. Бироқ мен Шавкат Миромоновични узоқ йиллардан буён яқиндан биладиган, унинг орзу ўйлари, ички кечинмаларидан хабардор бир сафдоши сифатида айтишим мумкинки, бошимизга тушган бу ташвишлар энг кўп шу инсоннинг бағрини эзди, дилини яралади.
Зотан, бу йилдан, барчамиздан ҳам кўра унинг умидлари кўпроқ эди. Орзуларки, элимиз турмуш шароитини ошириш, оддий, меҳнаткаш одамлар косасини оқартириш, бу дунёга келиб, бир умр гувала деворли томлар тагида рўшнолик кўрмай, «ҳаёт шу экан, пешонамизга битилгани шу бўлса керак», дея кўрган кунига-да рози ўтаётган содда, камсуқум, сабр-бардошли ватандошларимиз кўнглини олиш, уларнинг эгилган қаддини кўтариш… Яна янги Ўзбекистоннинг юзи бўлмиш «Тошкент сити», Тошкент метрополитенининг ер усти линияси, аҳоли учун юзлаб турар-жойлар, ўнлаб замонавий завод-фабрикалар, юз минглаб янги иш ўринлари яратиш…
Бироқ дунё ишлари тизгини бандасининг қўлида эмас. Кўриб турганимиздек, чарх тескари айланди. Кўпни кўрган доноларимиз фалокат кутилмаганда келади, бир келса устма-уст келади, дейди. Бу йил шундай бўлди: халқимиз ва юртимизни мана шу ташвишли қисмат «айлантирди».
Гапимиз қуруқ бўлмасин. Масалан, ҳамон дунёни ларзага солиб турган коронавирус пандемиясини олинг. Унинг нақадар жиддий хавф экани ва келтириши мумкин бўлган талафотлари кўламини чамалаш учун бу йил Токиода бўлиб ўтиши кутилган тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт мусобақаси – халқаро Олимпиада ўйинларининг қолдирилганини эсга олиш кифоя.
Ёки Бухорода содир бўлган шиддатли тўфон. Дам ўтмай Сардоба тошқини… Кейин Сўх воқеалари… Таассуфки, бу ҳодисалар басма-бас рўй берди. Биз кулфат билан юзма-юз қолдик. Мана, чет элларда бўлгани каби қуюн томларни учириб кетмоқда. Қутурган тошқин уйларга бостириб кирмоқда. Бир сўз билан айтганда, фалокат.
Мана шу синовли кунлар шу ҳикматни бердики, у бизга дўст билан душманни, қалбида адовати, кини ва ёки самимияти балқиб турган одамларни яна бир бор танитди. Қаранг, ҳатто, шу кўргулик баҳона баъзи хорижий матбуот ва ижтимоий тармоқларда бўлаётган воқеаларга «беқасам» тўн кийдириб, мамлакат ҳаётига мудҳиш тус бериш, одамларни шошириш, ёшлар онгини заҳарлаш каби ҳоллар рўй берди.
Албатта, бу янгилик эмас. Ҳасад бор экан, хусумат бўлади. Лекин одамларимиз бу машаққатни одатдагидек оғир-вазминлик билан енгиб ўтди. Халқимизда «ҳар ёмон ишнинг ҳам бир хосияти бўлади», деган гап бор. Бу ҳар қандай ташвиш-у ситамларнинг ҳам киши учун ибрат оладиган жиҳатлари бўлади, қийинчилик ва синовлар одамни тоблайди, дегани аслида. Қолаверса, мен бундай фавқулодда ҳолатлар катта шахслар сийратидаги биз илгари илғамаган ғайришуурий қудратни ҳам юзага чиқаришининг гувоҳи бўлдим десам, адашмайман.
Очиқ айтсам, мен ўша ола-ғовур, бутун дунёни тўзғитиб ташлаган, айтилган гап беш дақиқадан кейин аслига тўғри келмайдиган, тўғри қарорга келиш юздан бир фоизга тенг кезларда Президентни қайта кашф этдим. Қарийб қирқ йилга яқин ёнма-ён юриб, иш тартиби, қобилияти ва фавқулодда истеъдоди қирраларини яхши биламан, деб ўйлаганим бекор экан.
Президент Мирзиёев ўша оғир дамларда, кулфат ва фалокат устимизга ёпирилиб келган дамда мен билган Шавкат Миромоновичдан юз карра кучли, матонатли ва иродали, халқи учун, эли учун жонини беришга тайёр бир ёвқир афсонавий ватан ўғлонидай кўз олдимда намоён бўлди. Албатта, бу мулоҳазаларни виждони бор, бўлаётган воқеа-ҳодисаларни кўриб турган ҳар қандай одам тан олади.
Ўша мушкул кунларда ишни тез ва тўғри йўлга қўйиб олишда давлатимиз раҳбари алоҳида жонбозлик кўрсатгани ҳеч кимга сир эмас. Ҳатто Ўзбекистоннинг оғир аҳволга тушганини илғаган ва бундан чиқиш стратегиясини, энг муҳими, тўғри ва тез самара берувчи йўлни топа олганидан кўпчилик халқаро экспертлар ҳайратини яширмади. Холис ва адолатли айтганда, кечмиш фалокат ва фожиалар давлатимиз раҳбари ҳар қандай мушкул вазиятда ҳам жиловни қўлга олиб, эл-юрт оғирини енгил қилиш учун курашишга, фавқулодда ҳодисаларга зудлик билан ечим топишга қодир стратег, прагматик сиёсатчи эканини намойиш этди.
Мен энди, орадан маълум вақт ўтиб, ҳовурлар ҳийла босилгач, ўйлаяпманки, давлатимиз раҳбарига узоқ йиллар туман ва вилоятлар ҳокимлари бўлган даври ҳамда Бош вазир сифатида орттирган тажрибаси ҳамиша қўл келади. Ўша даврда у киши юртимизнинг энг олис гўшаларигача кезган, у ерда яшаётган кишилар, оддий одамларнинг дард-у ўйи, орзу-истакларини жуда яхши билган, уларнинг азоб-уқубатларини, қийинчиликларини дилидан, жонидан ўтказган. Эҳтимол шунинг учун ҳам у сиёсатининг бош бўғинини оддий одамларнинг ҳаётини ёруғ қилиш, уларнинг ўмганини кўтариш, чин маънода, ҳаётдан, кўраётган кунларидан рози қилиш этиб белгилади.
Сўзимиз аввалида ортда қолаётган йилда бошимизга тушган ташвиш-у фалокатлар ҳақида гапирдик, уларни санагандай бўлдик. Келинг, энди уларнинг тафсилотлари ҳақида қисқа гурунг қилсак. Зотан, ўтган кунлардан сабоқ олиш ҳар доим хайрли бўлган.
Таҳликанинг жиловланиши
Биласиз, Хитойнинг Ухань шаҳрида коронавирус деган юқумли касаллик тарқалди. Очиқ айтсам, эсимни танигандан буён бундай балони кўрган-эшитган эмасман. У жуда тезликда кенг ёйилди. Франция, АҚШ, Бразилия, Мексика, Ҳиндистон… 2020 йил 15 март куни Вирусология институти лабораториясида Францияга бориб қайтган Ўзбекистон фуқаросида COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқланди…
Ўзбекистонда ҳам синов даври бошланди. Ўша таҳликали кезларда мен Муҳтарам Президентимиз ўтказган бир неча йиғилишларда иштирок этганман. Президент йиғилганлар олдида ўзини қанчалик вазмин ва дадил тутмасин, ичида оғир бир хавотир, исмсиз дард кезиниб юргани кўзларидан сезилиб турарди. Бу – дунёга ёйилиб кетаётган оғир бало, тилсиз ёвдан 34 миллион нуфусга эга халқимизни омон сақлаш, имкони борича талафотларни камайтириш, одамларнинг ҳаёти, турмуши ва саломатлиги учун масъуллик хавотири эди, назаримда.
Очиғи, кўпчилик қатори мен ўзим ҳам бу офат ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлган маҳаллар бунга унчалик жиддий эътибор қаратмаган, вирус Хитойда бўлса, чегараларни ёпсак хавф бартараф бўлади, деб ўйлаганман. Лекин масала биз ўйлагандай эмас экан. Образли қилиб айтганда, жин аллақачон кўзадан чиқиб кетган, уни назорат қилиш имконсиз аҳволга келган экан.
Айнан шу жараёнда мени ҳайрон қолдирган жиҳат шу бўлдики, коронавирус эпидемияси ҳали пандемияга айланмай туриб, ҳатто Европа у масалага жиддий қарамаган бир вақтда, 29 январь куни давлатимиз раҳбари мазкур офатнинг олдини олишга масъул бўлган махсус комиссия ташкил этиш борасида фармойиш қабул қилди.
Эсимда, ўша маҳал Президентни масалага ортиқча баҳо бераётганликда айблаганлар ҳам бўлди. Бироқ, воқеалар ривожи узил-кесил ташланган қадамнинг айни вақтида бўлганини тасдиқлади. Бу фазилат, албатта, шахсдаги тан олиш керак бўлган, асло кўз юмиб бўлмайдиган хислатдир. Бу, жуда кам одамларга яратган томонидан берилган савқитабиий – фавқулодда қобилият ҳисобланади. Бу, давлат раҳбарини чин Миллат Лидерига айлантира оладиган мумтоз донишмандлик белгиси эди.
Вақт ўтиб англаяпмизки, Президентдаги узоқни кўра билиш қобилияти, ҳали айтганимиздек, хавф солиб турган хатардан эл-улусни асраб-авайлаб олиб ўтиш, имкон қадар кам талафот бериш учун тамал тоши бўлиб хизмат қилди ва қилаётир.
Яна бир гап. Одам кўнгли доимо оддийлик, соддалик ва самимийликка интиқ бўлади. У жони ачиб, юракдан айтилаётган сўзни сезади, унга жон, деб қулоқ тутади. Шу маънода айтадиган бўлсак, Президентимизнинг ўша кезлар одамларни бу балодан огоҳ этишга қаратилган, ҳушёрликка чақирувчи уйғоқ сўз ва мурожаатлари ҳеч кимни бефарқ қолдиргани йўқ…
Бугун кўриб турибмиз. Пандемия жаҳон иқтисодиёти ва ҳаётига жиддий зарар бўлди. Дунё бўйича ишсизлик даражаси ўсмоқда. Ҳатто, айрим мутахассислар коронавирус 1980 йилларнинг сўнггида, аниқроқ айтганда, 1987 йиллар АҚШда юз берган иқтисодий-молиявий буҳрондан ҳам ўтиб кетди, дейишмоқда. Ўшанда «Қора душанба» деб ном олган мазкур инқироз оқибатида Доу-Жонс саноат индекси 22,6 фоизга (бу унинг тарихидаги шу пайтгача энг катта пасайиш ҳисобланади) тушиб кетган ва бу бутун дунё молия-иқтисод сиёсатини қарийб издан чиқарган эди. Бошимизга тушган бу бало етказган зиён-заҳмат ҳам ҳали кўп таҳлил этилса, ажаб эмас.
Аммо, шуни айтиш керакки, мамлакатимизда ҳар бир инсон ўз ишига масъул, ҳушёр ва уйғоқ. Шукрки, орамизда гарчи йўқотишлар бўлса-да, ортиқча саросима, довдираш ва эсанкираб қолиш ҳолатлари учрамади.
Менталитетимиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳар қандай оғир вазиятда ҳам оиладаги муҳит катталарга боғлиқ бўлади. Жамиятимизда ҳам мавжуд хатарларга нисбатан хотиржамлик ва бошга тушган кўргуликларни сабр-бардош билан енгиш кўникмаси Президентимиздан, у кишининг ўзини тутиши, масалага ёндашиши, мухтасар айтганда, яхши кунларга бўлган комил ишончидан шаклланди. У кишининг сурати ва сийратидаги қатъият одамларимиз ва жамият ҳаётига шундоқ кўчиб ўтди десам, ҳеч муболаға қилмаган бўламан. Бу борада, айниқса, тиббиёт ходимлари фаолияти таҳсинга лойиқ. Буларнинг ҳаммаси, энг аввало, Йўлбошчига, унинг одамларни ишонтира олиш, ортидан эргаштириш қобилиятига боғлиқ.
Эътибор қилинг, дунёда хавфнинг номи ва келтирадиган хатари аллақачон маълум бўлган. Бироқ ҳаёт тўхтаб қолган эмас, одамлар бу ёвни тезроқ бартараф этиш, яқинлари, ватандошларига кўмак беришга интилишдан бир дақиқа бўлсин чекинган эмас. Албатта, бу ишларнинг бошида давлатимиз, Президентимиз турганини, у кишининг халққа, одамларга бўлган чексиз меҳрини, энг муҳими, бу ташаббуслар миллатни якдил ҳаракат қилишга, янада жипслаштиришга хизмат қилаётганини ҳар бир фикрли одам яхши англаб турибди. Президентимиз бу борада жиддий ҳаракатга киришган ўша январь ойидан буён ўтган кунларни кўз олдингиздан ўтказсангиз, қайноқ жараён бир зум ҳам тинмаганига гувоҳ бўласиз. Қаранг, пойтахт ва вилоятлар, туманлар марказларида янги шифохоналар барпо этилмоқда, бу масканлар чет эллардан келтирилган тиббий жиҳозлар, асбоб-ускуналар, дори-дармонлар билан узлуксиз таъминланмоқда. Ҳатто дунёнинг энг нуфузли ва малакали шифокорлари олиб келиниб, халқимиз хизматига камарбаста этилмоқда. Баъзи қўшниларимиз ташқаридаги фуқароларининг айбини ўз гарданларига ташлаб «дарвозаларини» ёпиб олган бир пайтда, бизда минглаб хориждаги ватандошларимиз олиб келинмоқда, уларнинг соғлиғи, яшаш шароити ва келгуси ҳаёти ҳақида меҳрибонлик қилинмоқда.
Энди айтинг, булар ўз-ўзидан бўладими, ёки бўлмаса, чет элдаги нуфузли шифо масканларида бир кунда минглаб доллар топадиган шифокорлар иссиқ жойи, мўмай даромадини ташлаб бизнинг чиройли қош-қовоғимиз ҳурмати учун бу ерга келиб ўтирибдими?! Масалага шу нуқтаи назардан қарасак, жуда кўп нарса ойдинлашади.
Бугун дунёда кечаётган воқеаларни кузатиб шу нарсани сездимки, давлатлар ва ҳукуматлар сийратида ҳам худди одамлардагидек феъллар бўларкан. Масалан, сахийлик, ўз фуқароларига меҳрибонлик, жонфидолик бу шароитда ҳаммада ҳам бирдек кўринмади. Баъзи давлатлар масалани «бизда коронавирус йўқ» дея юмалоқ ёстиқ қилишган бўлса, баъзилари масъулият ва хавфдан ҳимояланишни тўғридан-тўғри одамларнинг зиммасига осиб қўйди.
Бу ерда гап, албатта, маблағ ҳақида кетаётир… Бизда эса бу масалага жуда кенг ва инсоний нуқтаи назардан, айтиш лозим бўлса, Мирзиёевона қаралди. Жуда тез фурсатда 1 миллиард АҚШ долларидан ошиқ маблағга эга Инқирозга қарши жамғарма шакллантирилди. Давлатга ва ғазнага қанчалик иқтисодий ва социал таъсири бўлмасин, бутун мамлакатда қатъий карантин тартиби ўрнатилди…
Бизда шу кунга қадар 40 823 нафар инсон инфекцияга чалинган ва шунинг 37 947 нафари яъни, 93 фоизи шифо топгани ана шу ғамхўрлик ва чора-тадбирларни жой-жойида қўллаганлик натижаси, десак асло хато бўлмайди. Қолаверса, бунда ортиқча ваҳимага берилмаслик, яратилган шароит ва имкониятлардан кўнгил тўқлиги ҳам муҳим роль ўйнади, десак тўғри бўлади.
Кўнгли нотинч одамнинг ишга, меҳнатга қўли бормайди. Бизда эса шу оғир шароитда ҳам кишиларимиз яратувчилик билан банд, ғалладан тоғ-тоғ хирмон кўтарилди, ширин-шакар ноз-неъматлар бозорларимизни тўлдириб турибди, чор-атрофда ёш-ялангларнинг шодон қийқириқлари бир зум тинмайди… Бу одамга хуш кайфият бағишлайди, албатта.
Мана шулар ҳақида ўйлар экансиз, оддий бир ҳақиқат кундай равшан бўлади. Яратганнинг бизга берадиган неъмати – у хоҳ яхшилик бўлсин, хоҳ ёмонлик – ҳаммаси қандай яшашимизга, аниқ айтганда, ниятга боғлиқ. Терак экиб, ундан шафтоли кутиб бўлмайди. Қайдадир уруш, одамлар қон тўкмоқда, бир-бирини ўлдирмоқда. Қайдадир қўрқинчли сув тошқини, одамлар, қишлоқлар, шаҳарлар ҳайбатли тошқин остида қолиб кетмоқда. Қайдадир ўрмон ёнғинлари алангаси кўланкаси соя солмоқда. Қайдадир зилзила ёки кўп-кўп одамнинг уйини куйдириб юборган автоҳалокат, поезднинг йўлдан чиқиб кетиши ёки бўлмаса, самолётнинг қулаб тушиши…
Бу кўргуликлар ХХI асрга келиб, оддий ҳодисага айланиб қолди. Учинчи минг йилликка келиб инсоният ўз тарихида кам учратган, олдинлари, ҳатто, эшитмаган ҳодисаларга гувоҳ бўлмоқда, унга унсизгина кўникишга мажбур бўлмоқда. Қаранг, коронавирус туфайли дунё мусулмонларининг энг муқаддас амали Ҳаж зиёрати тақиқланди. Ҳали айтганимиздек, ёзда бўлиши кўзда тутилган Токио олимпиадаси қолдирилди. Минглаб йирик корхоналар ишни тўхтатди, қанчадан-қанча авиарейслар бекор қилинди. Давлатлар бир-бири учун дарвозаларини ёпди…
Кўрмаяпсизми, табиий офатлар олдида одам боласи ожиз. У ёлғиз ва ҳимояталаб. Шиддат билан ўзгараётган мана шу нотинч дунёда бизга яхшилик ва меҳр-оқибат, ҳиммат ва раҳм-шафқат, ҳалол меҳнат ва яхши ният тоғдек таянч бўлади.
Шукр қилишимиз керакки, биз бугун шундай бахтдан бебаҳра эмасмиз…
Ҳеч ким ҳимоясиз эмас…
Йўл юрган йўловчи маълум манзилга етгач, бир нафас тўхтайди. Бир ортга босиб ўтган йўлини сарҳисоб этади, бир боражак манзилига боқиб, режасини тузади.
Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги эшик қоқиб турган шу қутлуғ кунларда қўлга киритган ютуқлар, қад ростлаган улкан кошоналар, мўътабар динимизнинг кенг қанот ёйиши, ўғил-қизларимиз ўз истеъдодларини намойиш этиши билан боғлиқ эзгу ишлар билан бирга, юқорида айтганимиздек, бошимизга тушган ташвиш ва машаққатларни хаёлдан ўтказишимиз табиий.
Бироқ шуниси қувончлики, қисқа вақтда бошимизга тушиб ақлимизни шоширган, оромимизни бузган талафотлар жараёнининг бирортасида одамларимиз ҳимоясиз қолган, ўз ҳолига ташлаб қўйилган эмас.
Ҳатто, энг оддий, кўпчилик эътиборга олмайдиган жиҳатлар ҳам Президентимиз назаридан четда қолмади. Бу, айниқса, 27-28 апрель кунлари Бухорода тўфон бўлганида яққол кўзга ташланди. Ўшанда мамлакатимизнинг жуда катта қисмини забтига олган шамолнинг тезлиги айрим жойларда секундига 30-35 метрга етган. Офат, айниқса, Бухоро вилоятига кўп зиён етказди. Хўжалик тармоқлари жиддий зарарланди. Жумладан, нефть-газ, энергетика ва инфратузилма соҳалари, ижтимоий объектлар – касалхоналар, мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, кўп қаватли ҳамда аҳолининг якка тартибдаги уй-жойлари, қишлоқ хўжалиги экинлари, шунингдек, ғалла, пахта, мева-сабзавот майдонлари ва иссиқхоналар катта талафот кўрди.
Табиийки, ўша пайтнинг ўзидаёқ муҳтарам Президентимиз бутун эътиборни Бухоро вилоятига қаратди. Биринчи навбатда, «Бухоро вилоятида юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиш қабул қилинди. Шу билан бирга, шу пайтнинг ўзида табиий офат оқибатларини кўздан кечириш, зарур чора-тадбирлар белгилаш, одамларнинг кўнглини кўтариш учун вилоятга етиб борди.
Очиғини айтганда, ҳар қандай кутилмаган фалокат одам боласини шоширади. Томларнинг тўфонда хазондай учиб юриши юракка ваҳм солади. Бундай пайтда ҳар ҳар ким ҳам бир оғиз таҳсинга маҳтал бўлиб қолади. Шундай паллада ўша воқеалардан кейин Бухорога сафарим чоғида суҳбатлашганим, олотлик йигитнинг айтиб берганлари беихтиёр хаёлимда жонланади;
– Мен ўша кеч далада, эртаки экинларга сув тараётган эдим, – дейди Асатулла Атоев. – Аввалига ҳар доимги шамол-да, ўтиб кетар деб ўйладим. Йўқ, у сония сайин авжига олар, кўнгилдаги ваҳимани оширарди. Мен икки ўт орасида эдим. Нима муҳим, уй, болаларми ёки меҳнатим сингган, рўзғорим кўз тикиб турган томорқамми?.. Одам боласи оғир шароитда бари-бир уйга – ўлан тўшагига югураркан. Зўрға етиб келиб кўрдимки, болалар соғ-омон. Фақат иморатим катта зарар кўрган, том тўлиқ учиб кетган, айвон қисми ағдарилган. Хуллас, яшаб бўлмас аҳволда… Очиғи, буни кўриб ичим ҳувиллаб қолди. Чунки ота-онадан эрта етим қолиб, ҳаётнинг кўп ситамларини бошдан кечириб, туну кун меҳнат қилиб умрим давомида топган давлатим шу – бошпанам эди… Оғир ва тушкун кайфиятда қолдим. Тонг ёришиб кўзим билан кўрдимки, талофат кўрган битта мен эмас. Тўфон жуда кўпчиликнинг рўзғорига катта зарар етказган. Маҳаллада аста-секин қўшнилар йиғилиб, биз томонларга Президент келаркан, деган хабар болалади. Бунга кимдир ишонмаганини изҳор этса, кимдир, «у одам, албатта, келади, мана кўрасизлар», дея сўзини маъқуллатишга уринарди. Кўп ўтмай вилоятимизга Президент Мирзиёев келаётгани ҳақидаги хабарни ижтимоий тармоқдан ўқиб кўнглимиз ёришди. Тўғриси, кўз тиккан даласидан, уй-жойидан ажраган, бир этак боласи билан чорасиз, деярли кўчада қолган мендек одамлар учун бу, энг аввало, катта мадад эди. У киши туманимизга, биз томонларга ҳам келди, одамлар билан учрашди, далаларни кўрди. Биласизми, мен ўша кезларда у кишининг юзидаги ташвиш, кўзларидаги мунг аралаш меҳрни кўриб, беихтиёр раҳматли отамни эсга олдим. Отам бизнинг қийин аҳволдалигимизни кўрса шундай эзиларди, бор меҳрини, жону танини бергудай ҳаракатга тушарди… Шундай бўлди. Президентимиз одамларга барча кўрилган зарарларни давлат ўз зиммасига олишини, ҳеч ким эътибордан четда қолмаслигини ваъда берди. Биз кўп ўтмай бунинг ижобатини кўрдик. Худога шукр, уйим олдингисидан ҳам зиёда бўлди. Томорқадан кўрган зарарларни ҳам қоплаб беришди. Янги ҳосил ҳам ёмон эмас. Ўзим ёш кўринсам-да, яқинда набирали бўлмоқчимиз. Ният қилганманки, туғилажак фарзандимиз ўғил бўлса, исмини Шавкатжон қўяман. Буни тўғри маънода тушунинг. Одам ўзидан ўтганини ўзи яхши билади. Шу одам шундоқ келиб, ундай-бундай деб кетиши ҳам мумкин эди. Лекин Мирзиёев ундай қилмади. Офатдан зарар кўрган, рўзғори ярим бўлган одамлар олдига борди, уларнинг бошини силади, ҳеч ким қилмайдиган ҳимматни кўрсатди. Бу мардлик, тантилик. Бизда буни соддагина қилиб жўмардлик ҳам дейишади. Хўш, энди айтинг, нега энди мен бўлғуси зурриёдимнинг шу одам каби чин инсон, ватанпарвар ва миллатпарвар бўлишини орзу қилмаслигим керак!
Бухоро тўфони ва унинг талофатларини бартараф этиш ҳақида гап кетганда ҳар сафар шу йигит – Асатулланинг ёниқ сўзлари хаёлимда айланади. Ҳа, у ўшанда ёниб ҳикоя қилганди. Сўзлари самимий, юракдан эди. Одатда одам бировдан меҳр кўрса, адолатнинг рўёбини кўрса шундай, ҳаётга ишончи ошади, қалби яхшилик ва эзгуликка лиммо-лим тўлади.
Элни бирлаштирган тонг
Ҳаётимизда содир бўлган, элимиз бошидан ўтказган синовлар ичида бунисининг зарби бошқалариникидан ортиқ бўлса ортиқки, асло кам эмас.
…Ўша тонгда Сардобада содир бўлган тошқин кўлами, унинг зиён-заҳмати давлатга ҳам, одамларимизга ҳам жуда қимматга тушгани бор гап. Тўғон ўпирилгач, 276 квадрат километр майдонни сув босган, 24 та маҳалладан 90 минг нафарга яқин фуқаро зудлик билан хавфсиз жойларга кўчирилган. Энг ёмони, бу офат бир неча юртдошларимизни ҳам орамиздан олиб кетди…
Албатта, давлатимиз талафотлар оқибатларини бартараф этиш учун зарур бўлган барча ишларни қилди. Ҳамма чора-тадбирлар кўрилди. Бу тошқиннинг кўнгилда ғашлик қўзғатадиган яна бир томони – қўшни Қозоғистонга ҳам унинг зарари етди. Сардобада рўй берган техноген офат туфайли Мақтарал туманининг айрим аҳоли пунктлари ҳам сув остида қолди. 845 та уй вайрон бўлган. 14 та қишлоқдан 31606 нафар одам эвакуация қилинган. Шубҳасиз, қўшниларнинг бошига тушган ташвиш бизникидан кам эмас эди…
Воқеанинг эртасигаёқ Президент воқеа жойига етиб борди. Ўзи пою пиёда тошқин босган ҳудуд, маҳалла ва хонадонларни лой кечиб кўздан кечирди. Совуқдан дийдираб нима бўлганини ҳам тушунмай қолган одамлар билан учрашди. Шу ернинг ўзида қилиниши керак бўлган ишлар режасини ишлаб чиқди. Аниқ ва пухта стратегия белгиланди. Шу ўринда бир нарсага аҳамият қаратиш ўринлики, биз тўрт йилдан буён мамлакат Президентининг оддий одамлар орасида юришига, тап тортмай далами, қир-адирми оралаб, кечиб кетаверишига, энг муҳими, ўзининг ўрнини оддий одамлар орасида, деб билишига ўрганиб қолган эканмиз.
Бироқ биз учун оддий ҳолатга айланиб бораётган Президентимизнинг бу халқчил ҳаракатлари ва ўзига хос характери қозоқ биродарларимизни жўштириб юборди. Жумладан, ўша таҳликали кезларда талафотдан биз билан бирдек азият чеккан бовурларимиз ижтимоий тармоқларда Президент Мирзиёевга нисбатан ҳурматлари ва ҳайратларини ёзиб қолдиришди.
Улардан бири – Насиба Ибрагимова. У «Фейсбук»даги саҳифасида шундай фикр қолдирганди: «ўзбеклар талофат кўрган биродарларига кийим-кечак, егуликлар, кўрпа-тўшак тарқатяпти. Биз ҳам азият чеккан қозоқларимизга саховат кўрсатайлик. Орамиздан ташкилотчи чиқиб, бу тадбирни бутун Қозоғистонга ёяйлик… Ўзбекларни кўрмайсизларми, Президентининг ўзи, сув кечиб, йўқотган ҳамма нарсаларинг, ҳужжатларинггача янгилаб берамиз, деяётир…»
Мунира Сактанованинг қисқагина изоҳи ҳам шу мазмунда:
«Ўзбекистон Президентига осон тутиб бўлмайди ҳозир, ҳаммасини ўзим қилиб бераман, деб гарданига олди. Бовурларимизга сабр берсин!»
Венера Елеушенова «Талафот жойида шахсан Ўзбекистон Президентининг ўзи туриб қутқарув ишларига бош бўлмоқда» деб ёзса, Алифбек Аминов деган фойдаланувчи «Бундан ўрнак олса арзийди» деб унинг фикрини маъқуллайди.
Хуллас, Президентимиз ва халқимиз бирдамлигига тасанно айтиб қолдирилган бундай фикрларга ижтимоий тармоқларда жуда кўп дуч келиш мумкин эди ўша кунлари. Бу ерда яна бир муҳим омил борки, буни гапирмасликнинг ҳеч иложи йўқ. Бу, халқнинг, миллатнинг якдиллиги, бирикиши ҳақидаги мулоҳаза. Тўғри, халқимиз ўз бошидан кўп кўргуликларни, бало-қазоларни ўтказган. Ҳар дамда бир-бирини суяган, дардига дармон бўлган. Лекин халқнинг Сардоба тошқинидан жабр кўрган ватандошларга ёрдамга чоғланганидай уюшқоқлик, сафарбарлик камёб ҳол, назаримда.
Хабарингиз бор, уйсиз кийим-кечаг-у кўрпа-тўшаксиз, егуликсиз совуқда дийдираб қолган сардобаликларга саховат кўрсатиш учун бутун мамлакат аҳолиси, халқимиз оёққа турди. Буни бутун дунё кўрди, халқнинг жипслашиши, бир ёқадан бош чиқаришига тасаннолар айтди. Шу ўринда ХХ асрнинг буюк ёзувчиси Франс Кафканинг кундаликларида миллатимиз шарафига битган кичик бир фикри хаёлимда айланади.
У «Тошкент нон шаҳри» асарини ўқиб бўлгач, кундалигига «бундай халқни ҳеч қачон енгиб бўлмайди» дея ўз иқрорини ёзиб қўйган… Албатта, халқимиз буюк ўтмишга, шонли тарихга эга. Бу муқаддас тупроқ кўплаб жасоратли ва қаҳрамон ўғлонларга бешик бўлган. Ана шу мард, танти ва миллатпарвар йўлбошчилар миллатимизнинг номини тарих зарварақларига олтин ҳарфлар билан битиб қўйган. Халқни адолат ва ҳуррият сари ортидан эргаштира олган, ўз миллати, халқини бир мақсад йўлида жипслаштира олган Йўлбошчилар тарихда кам учрайди. Биз юқорида санаган воқеалар жараёни, айниқса, Сардоба масаласида бу жиҳат – миллатнинг бирикиши омили янада бўртиброқ кўринди.
Бироқ ҳар гал бўлганидек, бу сафар ҳам вазиятдан фойдаланиб ўртага адоват уруғини сочмоқчи бўлган қора кучларнинг таъсири шундоқ сезилиб турди. Аммо ўтмиши-ю кечмиши, тарихий илдизлари биз билан бир бўлган қозоқ биродарларимиз фожиага кенг қарашди. Бағрибутунлик хусумат алангасини ўчирди. Икки орани бузмоқчи, этни тирноқдан ажратмоқчи бўлган қора кучнинг ғаразли нияти амалга ошмади. Азал-азалдан ён қўшни-жон қўшни, қуда-анда бўлиб яшаб келган халқларимиз ўша серташвиш кунларда ҳам бир-бирларига ҳамдам, ҳамнафас, тоғдек таянч бўлди. Синовли дамларда гина-кудуратга ўрин қолмади.
– Қозоғистонлик биродарларимизга бу офат оқибатларини бартараф этишда албатта, керакли ёрдамни берамиз, – деди Президент. Ва шундай ҳам бўлаётир!
Эсингизда бўлса, ўша кезлар давлатимиз раҳбари Қозоғистон раҳбарияти билан бир неча бор телефон орқали очиқ суҳбат қилди ва ўзаро келишувга эришди. Кучлар бирлашди. Ҳозир икки давлат ҳамкорликда талафот оқибатларини бартараф этаётир.
Оғир кунлар ортда қолди. Бир-биримизга кўрсатган меҳр-оқибат ва яхшилик ҳамиша кўнглимизга ойдинлик ва қувонч бағишлаб туради..
Қўшничилик – минг йилчилик…
Йил оғир келди. Қаранг, Бухорода сўнгги 50 йилда бундай тўфон бўлган эмас. Сардобада рўй берган тошқин ҳам ҳазилакам зарба эмас. Устига-устак, Сўх воқеалари…
Шуни айтиш керакки, кейинги йилларда қирғиз халқи билан, қирғиз биродарларимиз билан кўп хайрли ишларни қилдик. Ўйлайманки, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Қўшничилик – минг йилчилик. Аммо афсуски, Сўхда ўша кўнгилсиз воқеа содир бўлди. Бу кўз юмиб бўлмайдиган факт. Бироқ бунинг сабабини миллатлараро низо, ўзаро чиқишолмаслик деб қараш нотўғри бўлади, назаримда. Зотан, Сўх воқеаларини юзага олиб чиққан сабаб фақат, айтилаётганидек сув сабабли эмас. Узоқ йиллар кўз юмиб келинган ижтимоий муаммолар, қозоннинг қопқоғини ёпгандай қилиб беркитиб ташланган халқнинг дард-у ташвишлари оқибатида, сабр косасининг тўлиши фонида юзага чиқди бу кўнгилхираликлар. Ўзингиз ўйланг, бир суверен давлатнинг фуқаросисиз-у ўша давлат халқи фойдаланадиган имкониятлар ва имтиёзлардан маҳрум бўлсангиз, ҳатто вилоят марказига бориш учун кимларгадур қуллуқ қилсангиз, болангизни жўнатиб, келгунича қон ютиб ўтирсангиз… Бундай кўргуликларга одам боласи қанча чидаши мумкин?! Сўхдаги воқеаларни шунга ўхшаш узоқ йиллардан буён ҳал этилмай келаётган адолатсизликлар саҳнага олиб чиқди десак, тўғрироқ бўлади, менимча.
Энди шу ўринда Сўх тўғрисида маълумот бериб ўтсак. Зеро, айтмоқчи бўлган фикрларимизнинг унга дахли бор. Қолаверса, тарих ва аниқ маълумотлар моҳиятни чуқурроқ очишда ёрдам беради.
Демак, Сўх тумани 1942 йил ташкил топган. 1959 йилгача Риштон тумани таркибига киритилган. 1990 йил 27 февраль куни у яна алоҳида туман сифатидаги мақомини тиклаган. Маркази – Равон шаҳарчаси.
Сўх аҳолиси ва майдони жиҳатидан дунёдаги энг катта эксклав ҳудуд ҳисобланади. Майдони – 352 км2. Аҳолиси 80 минг нафарга яқин. Туман аҳолисининг катта қисмини тожик миллатига мансуб фуқаролар ташкил қилса-да, бу ерда азалдан ўзбек, қирғиз ва бошқа миллат вакиллари ҳам баҳамжиҳат, оға-инидек яшаб келишади.
Сўхнинг тарихи кўп кўҳна. Хусусан, чашма булоғи ҳам шундай. Бу ерда азалдан аҳил-иноқ яшаб келаётган халқлар бир булоқдан сув ичишади.
Собиқ иттифоқ даврида қўшни давлат билан чегара ҳудудда бўлган булоқ жойлашуви бўйича ҳужжатларда аниқлик киритилмаган. Шу сабабли мустақилликдан сўнг бу маскан баҳсли ҳудудга айланиб, икки мамлакат фуқаролари ўртасида сув талашиш сабаб баҳс-у мунозаралар илгарилари ҳам бўлиб турган.
Шу йилнинг 31 май куни «Чашма» участкасидаги воқеалар марказида яна шу булоқ пайдо бўлди. Кўзига қон тўлган ҳар икки томон ўзи ҳақлигини исбот этиш учун майдонга чиқди. Вазият ўта қалтис эди. Арзимаган нарсадан чиққан чақин оловга айланиши мумкин эди. Буни биз ўз яқин тарихимизда ҳам, дунёда бўлаётган воқеа-ходисалар мисолида ҳам кўриб турибмиз. Буни англаган Президентимиз одатига кўра, тез ва тўғри қарор қабул қилди. Масалани пайсалга солмай жойида кесди.
Давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан Бош вазир Абдулла Арипов воқеа содир бўлган куни Сўхга етиб келди ва вазият тўлиқ назоратга олинди. Икки давлат делегациялари учрашиб, ҳамкорликда мазкур масала ечимини муҳокама қилишди. Ҳудудда вазият барқарорлашишига эришилди.
Воқеаларнинг асл ҳолатини билиш учун ўша қайноқ кунларда оммавий ахборот воситаларида чоп этилган бир инсоннинг фикрларига эътибор қаратсак:
– Чашма қишлоғида нохуш воқеалар содир бўлиб, бир қанча одамлар азият чекди, – дейди Фарғона давлат университети ўқитувчиси, сўхлик Раҳматжон Арслонзода. – Ўн йилга яқин чегаралар ёпиқ бўлиб, кўп қийинчиликларни кўрдик. Президентимиз қўшни давлатлар билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиб, чегараларни очиб берди. Бундан барчамиз миннатдормиз. Албатта, муаммо бор. Лекин унинг ечими биз ўйлагандек осон эмас. Бу давлатлараро муносабатлар билан боғлиқ бўлиб, уни ҳиссиётга берилиб ҳал қилиш мумкин эмас. Давлат раҳбарлари музокаралар йўли билан бу муаммога ечим топади, албатта. Биз азалдан ўзаро аҳил-тотув, қуда-анда бўлиб яшаб келганмиз. Бундан буён ҳам шундай бўлиб қолади.
Сўхда юзага келган асосий муаммо – бу чегара билан боғлиқ. 2013 йил Риштондаги назорат ўтказиш пункти ёпилган. Сўхликларнинг вилоят марказига бориб келиши янада қийинлашган. Нимага десангиз, Фарғона шаҳрига бориб келиш учун икки давлат ҳудудидаги бир неча чегара ва божхона назоратидан ўтиш лозим. Қўшни мамлакат ҳудудида йўл юриш керак, бу – яна текширув дегани. Шунинг учун сўхликлар Риштон тумани бўйлаб йўл очиб беришни сўрамоқда. Хуллас, масала ечими чегара билан боғлиқ. Бу бўйича ҳукуматимиз бир неча йилдан буён музокара олиб бормоқда. Риштон ҳудуди орқали чегара постини очиш масаласи ҳам чегара билан боғлиқ иш. Бу ўз-ўзидан, ҳамирдан қил суғургандай битадиган иш эмас. Бунда амалдаги тартиб-қоидаларга риоя этиш керак бўлади.
Ҳурматли Бош вазиримиз Абдулла Арипов Сўх тумани аҳолиси билан учрашувда одамларни қийнаётган муаммолар тугал ечим топишига алоҳида урғу берди. Йиғилган аҳолига Президентимизнинг дил сўзларини, Сўх бўйича режаларини етказди. Шундан сўнг республика вазирлик ва идоралари, вилоят бошқарма бошлиқлари туманга келиб, одамлар билан суҳбат ўтказди, уларнинг талаб ва таклифларини ўрганди.
Афсуски, ижтимоий тармоқлар мазкур ҳудудда бўлган ўша можарони ҳамон турлича талқин этаётир. Бу эса одамларни чалғитмоқда. Вазиятдан фойдаланиб, қора кучлар ўт чиқаришга уринмоқда. Аммо халқимиз бундай ҳодисотни кўп кўрган, ҳеч қачон қутқуларга учган эмас. Асл билан рўёни фарқлай оладиган халқимиз бор. Бугун сўхликлар Президентимиз меҳрини дилдан ҳис қилиб, ҳаётларидаги ўзгаришларни ўз кўзлари билан кўришмоқда. Қаранг, тумандан вилоят марказига ҳаво парвозлари йўлга қўйилиши, олий таълимга тест синовларида туман ёшларига қўшимча имтиёзларнинг берилиши, инфратузилманинг замонавийлашиши, тадбиркорларга алоҳида преференцияларнинг жорий этилиши… Қолаверса, аҳолининг табиий газ таъминотини яхшилаш, шунингдек, уй-жой билан таъминлаш борасида қилинган ва қилинаётган ишлар фикримизнинг тасдиғидир.
Очиғини айтганда, Президентимизнинг «2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори туман аҳли учун катта имкониятлар эшигини очди. Бундай қарор тарихда бўлган эмас. Эътибор қилинг, унга кўра, 639 миллиард сўм қийматга эга 146 та лойиҳа амалга оширилади.
Замонавий ва рақобатбардош саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, соҳани қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш каби эзгу мақсадлар мазкур лойиҳалар негизини ташкил этади.
– Кейинги йилларда қўшни давлатлар билан чегарадош жойлардаги кўп муаммоларни ҳал қилишга эришдик, – дейди давлатимиз раҳбари. – Сўхдаги воқеалар қирғиз халқи билан дўстлигимизга, борди-келдимизга, режаларимизга таъсир қилмаслиги керак. Вазмин, сабр-тоқатли, меҳр-оқибатли бўлишимиз зарур. Қўшничилик – минг йилчилик… Дарҳақиқат, биз неча минг йиллардан буён бир-биримизга елкадош бўлиб, бир-биримизни суйиб яшаб келаётган халқлармиз. Биримизнинг ғалабамиз доим иккинчимизни хурсанд қилган. Элнинг буюклари, истеъдодлари ҳам доим ўртада ардоқли бўлган.
Улуғ ёзувчи Чингиз Айтматовнинг ўлмас асарлари она тилимизда қайта-қайта чоп этилаётгани, гўзал пойтахтимиз Тошкент шаҳридаги энг кўркам кўча унинг номи билан аталиши, ҳамманинг ҳавасини келтираётган обод ва тароватли Манас шаҳарчаси ўзбек ва қирғиз халқлари дўстлигининг мумтоз намунасидир.
Ўзбекистоннинг янги марвариди
Бугун бутун туркий халқлар Самарқанд-у Бухоро билан ҳақли равишда ифтихор қилади. Сиз яхши биласиз, бу афсонавий шаҳарлар бир кунда бино бўлмаган. Улуғларимиз, ота-боболаримиз асрлар давомида қон билан, пешона тер билан, меҳр билан уларга сайқал берган.
Мустақиллик бошларида ва ҳатто бундан тўрт-беш йил илгари ҳам Мўйноқ деса, одамларнинг тепа сочи тикка бўлар эди. Оналар ўлими, болалар ўлими, денгиз ўрнидан кўкка учаётган ҳайбатли чанг-ғубор ҳақида аюҳаннос солар эди. Бугун Оролбўйи яшил ҳудудга айлантирилмоқда, Мўйноқ замонавий шаҳарча тусини олмоқда. Яқинда эса Мўйноқда яна бир кўркам бино қад ростлади. У Бўзатовда жойлашган. Номи – «Оқ кема». Болалар соғломлаштириш маскани.
Оромгоҳнинг очилиш маросимида «Аргументы и факти»да ўқиган бир фикр хаёлимдан ўтди: «Илгари, – деб ёзади унда коинотшунос олим, – денгиз ўрнидан кўтарилган чанг-туз шарққа қараб ҳаракатланар эди. Ҳозир эса бу хавфли-хатарли тўзон ғарбга қараб силжиётир»…
Олим бу билан Орол муаммоси нақадар глобал аҳамият касб этаётганини таъкидлайди. Президентимиз кейинги йилларда Орол атрофида амалга ошираётган кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари нафақат биз учун, эҳтимолки, биздан олисларда яшаётган, бизни ҳатто танимайган одамлар ҳаёти учун ҳам ғоятда аҳамиятлидир. Гап Мўйноқ ҳақида кетар экан, шаҳарча айни даврда ўзининг янгидан туғилиш даврини бошдан ўтказмоқда. Унда қад ростлаган муҳташам оромгоҳда ўғил-қизларимиз мароқли дам олиш билан бирга жисмонан чиниқади, ўзларининг интеллектуал салоҳиятларини оширади… Унинг ҳудуди 12,7 гектар. У эзгу ниятлар билан «Оқ кема» дея аталган.
Президентимиз кўрсатмаси ва топшириғи билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси бу иншоот қурилиши учун 36 миллиард сўм ажратди. Қурилиш ишларини «Шорахан қурилиш монтаж» МЧЖ амалга оширди.
«Оқ кема» оромгоҳи бир навбатда 250, йил давомида 600 нафар болани қабул қилади. Марказ ётоқхоналари бежирим жиҳозлар билан таъминланган. Футбол, баскетбол, волейбол майдончалари ва сузиш ҳовузи мавжуд. Стол тенниси, шахмат-шашка ўйинлари учун махсус жойлар қилинган. Амфитеатр ва китобга бой кутубхоналар ишлаб турибди. Тиббиёт хоналари, ошхоналар замонавий ускуналар билан таъминланган. Оромгоҳ хизматчилари 50 тадан ортиқ. Бу – янги иш ўринлари дегани…
Мен бу мисолни ўзим кўзим билан кўрган, бўлаётган ишларнинг бевосита иштирокчиси бўлганим учун келтирмоқдаман. Ҳолбуки, бугун Мўйноқда ўнлаб ана шундай бунёдкорликлар амалга оширилмоқда. Халқнинг турмуши фаровонлиги учун мислсиз эътибор қаратилмоқда. Насиб бўлса, Мўйноқ Ўзбекистоннинг «марвариди»га айланади.
Куни кеча эса Мўйноқ аэропортига самолёт қўнди… Бу Ўзбекистоннинг энг чекка ва узоқ йиллар эътибордан четда қолган, энг катта офат – қуриган Оролнинг ситамларини тортиб келаётган мўйноқликларга ҳаётнинг тотли насимлари мудом эсиб турганини, шу билан бирга халқнинг дардини бир дам унутмайдиган Йўлбошчининг улкан ислоҳотлари самарасини кўрсатади.
… Жонажон Ўзбекистонимиз бўйлаб, гарчи шунча ташвишларга қарамай, амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари эса алоҳида мавзу…
Эътибор қилдингизми, арзимаган 7-8 ой ичида халқимиз, мамлакатимиз қандай ташвишларни бошидан ўтказди?! Албатта, ҳар қандай жароҳат ҳам қизиғида билинмайди. Лекин уни бартараф этиш, ҳаётимизда унинг «оғриқ»ларини имкон қадар кучсизлантириш, одамларнинг кўнглини олиш, бошини силаш, уларни рози қилиш, ҳеч кимнинг кўзидан ёш оқизмасдан шу оғир юк билан олдинга, тараққиёт ва ёруғ кунларга интилиш… Нима, булар ўз-ўзидан бўладими?!
Агар сезган бўлсангиз, биз шу қисқа фурсатда мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида содир бўлган 3-4 муҳим, ташвишли воқеа тафсилотларини мухтасаргина шарҳладик. Зотан, айни ўша омиллар бугун юртимизда юз бераётган тарихий, оғир кечмишли жараёнларнинг мундарижасини белгилайди. Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб тутилган оқилона йўл, ҳассос донишмандлик, халқчил қарорлар, кучли сиёсий ирода ва енгилмас сабр-матонат, бу ғалабанинг асоси бўлади. Ўйлаб кўринг, дунё давлатлари биргина коронавирус пандемияси билан олишиб, иқтисоди, ижтимоий аҳволи карахт аҳволга келиб қолган, вазиятлари таранглашган бир пайтда, Ўзбекистон давлати ва халқимиз ижтимоий-иқтисодий таъсир зарбаси пандемияникидан кам бўлмаган яна бир неча оғир силтовларни ҳам бошидан кечирди.
Бу фақат айтишга осон. Кўриб турибмиз, кўплаб давлатлар саросимада ўз суверенитетини хавфга қўйиб бўлса-да, синиқ карсонини кўтариб дунё кезиб чиқди. Бироқ Ўзбекистон ўз сиёсий позициясидан оғишмади, ҳар турли иқтисодий экспансиялардан ҳимояланди. Бундай қарорларни қабул қилиш, оғир вазиятда тўғри йўл танлаш одамдан, албатта, катта билим, юксак тафаккур талаб этади.
Мана, пойтахт кўчаларига чиқинг, вилоятлар, туманлар марказлари, олис қишлоқларни кезинг, барча гўшада қурилиш, бунёдкорлик. Кўриб кўзинг қувонади. Энг муҳими, одамлар кўзида эртанги ёруғ кунларга ишонч порлаб турибди. Яратиш, ўқиш-ўрганиш ва меҳнат шавқи болаларимиз юз-кўзларида балқимоқда. Ўрни келганда шуни айтишим керакки, бошимиздан кечирган ва кечираётган шунча кўргуликлар фонида жамиятда бундай қатъий ишонч пайдо қилиш учун аввало, йўлбошчининг ўзида шу ишонч ва матонат бўлиши керак.
Бизнинг бахтимиз шундаки, Президентимиз томирларида худди ёвқур боболаримиз Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Темурларникидек ҳаққа ва адолатга, яратувчилик ва бунёдкорликка ташна қон оқиб турибди. Бу жафокаш ва матонатли халқимизнинг бахтидир!
Қудратилла РАФИҚОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси, сиёсатшунос