Welcome to   Click to listen highlighted text! Welcome to

МЕҲНАТ МУҲОФАЗАСИ – КАСАБА УЮШМАЛАРИ ЭЪТИБОРИДА

Маиший электр жиҳозлари, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ходимлари бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши тасарруфидаги “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ташкил этилган семинар меҳнатни муҳофаза қилиш ва ходимлар манфаатларини таъминлашга бағишланди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида ушбу йўналишда бирлашган қўмитанинг юқори ташкилоти бўлмиш Ўзбекистон тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан жами 360 та йирик корхона ва ташкилотнинг фаолияти ўрганилди. Ўрганишлар давомида  ишчи-ходимларнинг меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни белгиланган талаб ва меъёрларга мувофиқ ташкил этиш, меҳнат муҳофазаси бўйича уч поғонали назоратни йўлга қўйиш, жамоат комиссиялари аъзолари ва вакилларининг ўқув-семинарлари ва мажбурий суғурта масалаларга катта эътибор берилди.

— Ўқув-семинарни ташкил этишдан асосий мақсад ишчи-ходимларнинг меҳнат муносабатлари борасидаги билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашдир,  —  дейди Бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси Сайёра МИРАФЗАЛОВА. — Тажриба шуни кўрсатиб турибдики, ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши англаган ходим ҳеч қачон ўзига нисбатан адолатсизлик бўлишига йўл қўймайди. Зеро, ишчи-ходимларнинг аксарияти ишлаб чиқарувчи завод ва корхоналарда фаолият юритишини инобатга олган ҳолда бундай ўқув-семинарларни тез-тез ташкил этиши лозим.

Кези келганда айтиш жоизки, ўтган давр мобайнида ташкилот ва корхоналарда 448 та меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қонун-қоида ва меъёрлар бузилиши аниқланди ва уларни бартараф этиш бўйича иш берувчи ва бошланғич касаба уюшмаларига 1 минг 405 банддан иборат 395 та тақдимнома киритилди. Йўл қўйилган камчиликларнинг 93 фоиздан ортиғи касаба уюшмаси аралашувидан сўнг белгиланган муддатда бартараф этилди.

Корхона ва ташкилотларда ўтказилган тадбирлар давомида белгиланган тартиб-қоидаларга биноан зарар ва хавфли ишлаб чиқариш омилларини бартараф этиш бўйича тавсиялар асосида чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни жамоа шартномалари ва меҳнат муҳофазаси битимларига киритилишига, шунингдек, меҳнат муҳофазаси бўйича уч босқичли маъмурий-жамоат назоратининг йўлга қўйилишига эришилди.

Ҳисобот даврида 2 минг 762 та корхонада уч поғонали назорат йўлга қўйилди, 11 минг 250 та меҳнат муҳофазаси бўйича вакил ва комиссия аъзоси иш берувчилар ҳисобидан ўқитилди.

Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳисобот даврида соҳалар бўйича ўқув-семинарлар, давра суҳбатлари уюштиришга ва уларда соҳа мутахассисларининг малакасини янада оширишга алоҳида эътибор қаратди.

Ушбу ўқув-семинарда “Нафас олиш йўллари гимнастикаси”, “Корхоналар учун санитария меъёрлари ҳамда шахсий меҳнат фаолияти асослари”, “Фавқулодда вазият ва бахтсиз ҳодисалар содир бўлганда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича амалий тавсиялар”, “Янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунининг мазмун-моҳияти хусусида”, “Касаба уюшмалари тизимидаги ташкилотларнинг маданий-маърифий ва спорт йўналишидаги фаолиятида ёшлар комиссиясининг ўрни” каби мавзуларда ҳам маърузалар тингланди.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!