Давлат раҳбарининг жорий йил май ойида Андижонга ташрифи кунлари вилоят марказида йирик лойиҳалардан бири – “WBM Textile Group”масъулияти чекланган жамияти фаолиятини бошлаганди. Асосий йўналиши спорт кийимлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона таъсисчилари оз эмас, 1 минг 200 кишига иш беришни мўлжаллаган эди. Ният холис экан –ҳадемай режаларнинг йўли очилди.
Албатта, бундай катта жамоани бошқариш айтишгагина осон. Иш берувчининг асосий вақти аввало буюртмачилар билан ҳамкорлик, кун сайин ўзгарувчан ички ва ташқи бозор талабларини муттасил ўрганиб, шунга монанд таклифлар ишлаб чиқиш, маҳсулотларни харидорларга келишилган муддатларда етказиб бериш сингари серташвиш юмушлар билан банд бўлади. Шунча ҳаракатдан ошиниб, қўл остидагилар билан меҳнат муносабатларини тартибга солиш, уларнинг кўнглига йўл топишнинг ўзи бўлмайди: ахир 1 минг 200 киши – мана шунча хил дегани.
Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Андижон вилоятидаги масъул ташкилотчиси Тўлқинжон Сиддиқов мазкур корхонага кириб борган пайт МЧЖ раҳбарияти ана шухаёллар билан банд бўлиб турганди. Учрашув чоғи ҳамкорликдан гап очилди.
Масъул ташкилотчи мутасаддилар ҳамда цех ходимлари билан мулоқотда ишчиларнинг “Касаба уюшма биз учун нега керак?” деган саволигатўла-тўкис жавоб бера туриб, “Ходим вақтида ишлаб, вақтида дам олсагина меҳнатида унум бўлади. Қолаверса, ҳаёт фақат меҳнатдан иборат эмас. Насиб этса, навбатма-навбат санаторийга ҳамда фарзандларингиз учун оромгоҳларга йўлланмалар билан таъминлаймиз. Тарихий шаҳарларга саёҳатлар уюштирилади. Умуман, ижтимоий-иқтисодий ҳамда меҳнатга оид ҳуқуқларингиз учун биз қайғурамиз. Аммо ҳамкорлик йўлга қўйилса, меҳнат интизомига қатъий риоя қилишингиз ҳам шарт. Ахир ҳуқуқ ва мажбурият посангиси тенг бўлиши керак-да”, дея уқтирди.
Ниҳоятда кўтаринки ва самимий мулоқот якунида ишчиларнинг фикри бир жойдан чиқди: “Келишувни бугуноқ расмийлаштирамиз!”
Келишув битими тузилгач,корхона сўровига кўра, касаба уюшмалари томонидан жамоа шартномаси, ички меҳнат тартиб-қоидалари намуналари, ишга қабул қилиш ҳамда бўшатиш тартиблари, шунингдек, меҳнат қонунчилигига доир янгиликлар тақдим этилди. Айни ҳужжатлар, янги жамоанинг бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Хушнудбек Аҳмедов таъбири билан айтганда, қонун доирасида ишлаш учун корхона раҳбариятига тиргак бўлиши шубҳасиз.