Буюк тарихий ҳодиса – Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида сўзлаган нутқини тинглаб…
Туркияда чиқадиган «Жумҳурият» газетаси ўзининг 21 сентябрь сонида «Ўзбек тили БМТда» сарлавҳали мақола эълон қилди. Савол туғилиши табиий: Бу шунчалик аҳамият қилиниши керак бўлган ҳодисами? Унинг ижтимоий-сиёсий мақоми нақадар муҳимми?
Масалага юзаки ёндашилса, бунга БМТ иш тартибига истисно тарзида киритилаётган ўзгариш, деб ҳам қараш мумкин. Чунки белгиланган тартиб-қоидаларга мувофиқ, мазкур халқаро ташкилот одатда дунё бўйича олтита тилдан фойдаланади. Ўзбек лидери тарихда илк бор ўз она тили – буюк Навоий, Соҳибқирон Темур, Бобур, Жалолиддин Мангубердининг тилида сўз айтиши, албатта, тарихий воқеа.
Моҳиятан қараганда, мустақил бўлганимизга қарийб ўттиз йил бўлмоқда. Ўтган даврда иқтисодий-сиёсий, ҳарбий ва жўғрофий жиҳатдан эгаменлигимизнинг кучли асослари яратилгани айни ҳақиқат. Бироқ орадан шунча вақт ўтса-да, бошқарув механизми, давлат тизимидаги иш юритиш, жамият, айниқса, сиёсий элита тафаккуридаги эски қолипларни синдириш қийин кечди. Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, бунга истак ва хоҳишнинг ўзи ҳам бўлмади. Бу эса давлат ва жамият ҳаётида сунъий – гибрид қадриятни шакллантирди. Собиқ шўро даврида шаклланган, таъбир жоиз бўлса, қўлтиғига сув пуркаб турилган коммунистик консерватизм ва ёшлар орасида оммалашган космополитизм мустақил Ўзбекистон – маъжозий тилда айтганда, ўзбек жамиятини миллий ўзлик-идентитетидан хийла нари суриб келди. Бу, энг аввало, мамлакатда расман давлат тили, деб эълон қилинган ўзбек тилининг «оёққа» туришини чеклаб ташлади. Ўтган 30 йил ичида расмий мақомдаги ўзбек тили аҳолисининг 80 фоизини ўзбеклар ташкил этадиган жамиятда сиёсат ва фан тилига айланолмади.
Албатта, бу омил миллатнинг том маънода эски мафкуралардан, маънавий қарашлардан халос бўлмаганини англатади. Бошқача айтганда, бу миллат руҳияти ва тафаккури «парвариш»га муҳтож эканидан далолатдир. Ҳар бир миллатнинг этник ўзлигини энг ёрқин ифода этадиган, белгилайдиган восита унинг тили ҳисобланади. Шу маънода Президентимизнинг БМТ минбаридан туриб тарихда илк бор ЎЗБЕК тилида нутқ ирод қилиши мустақиллик йилларида қўлга киритган, биз гувоҳи бўлиб турган энг улуғ ғалабалардан биридир. Чунки тил бугун биз учун маънавий асос баробарида сиёсий масала ҳамдир. Эҳтимол, айнан шундай фикр-у ўйлар турк қардошларимиз қалбига ҳам чўғ солган бўлса, ажаб эмас.
«Туркий тилнинг тамал тошларидан бўлган чиғатой лаҳжасини адабий тил ҳолига етказган Алишер Навоий айни вақтда Амир Темур давлатининг забардаст вакилларидан бири эди.
Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг эртага бошланадиган Бош Ассамблеясида ҳамкорлик марралари, умидлари ва мамлакатининг тинчликпарвар мақсадлари ҳақида илк бор Навоий тилида дунёга хитоб қилади» деб ёзди Туркияда чоп этиладиган нуфузли «Жумҳурият» газетаси.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги бу галги чиқиши унинг мазкур халқаро ташкилот ишидаги иккинчи иштироки ҳисобланади. Мамлакатимиз раҳбари бундан олдин 2017 йил 12 сентябрда БМТнинг Нью-Йоркдаги бош штаб квартирасида чиқиш қилган эди. Уч йил олдинги нутқида Юртбошимиз дунё минбаридан туриб минтақа ва жаҳон ҳамжамияти учун муҳим саналган умумсиёсий масала ва таклифларни ўртага ташлаган эди. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини йўлга қўйиш, БМТнинг «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюциясини қабул қилиш, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенциясини ишлаб чиқиш, Оролбўйи муаммосига эътиборни ошириш ва Афғонистон муаммосини ҳал этиш шулар жумласидандир. Эътиборлиси шундаки, ҳозиргача ушбу таклифларнинг 4 таси амалга ошди. Хусусан, минтақа давлатлари (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон) раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари мунтазамлик мақомини олди. 2018 йилда БМТ Бош Ассамблеяси «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюциясини тасдиқлади, шу йили Оролбўйи минтақасида инсонлар хавфсизлиги бўйича кўп шериклик асосидаги Траст фонди иш бошлади.
Айни пайтда БМТнинг ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси лойиҳасини яратиш жараёни қизғин паллада. Айнан шу форматда инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумларининг ўтказилаётгани мақсад сари жиддий қадам ташланганини англатади, албатта.
Ўтган гал ўртага ташланган масала ва таклифлар ичида алоҳида бир масала бор эдики, бу нафақат минтақа, балки дунё ҳамжамияти тинчлиги ва барқарорлиги учун ҳам ўта муҳим ҳисобланади. Бу – «Афғон муаммоси».
2018 йил мартида Тошкентда Афғонистон бўйича юқори даражадаги халқаро конференция ташкил этилиб унинг якунлари бўйича махсус декларация қабул қилинди. Бугун ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, пойтахтимизда ўтказилган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуидаги халқаро конференция Ўзбекистоннинг афғонлараро тинчлик жараёнини фаоллаштиришга қўшган ҳал қилувчи ҳиссаси бўлган эди. Ўзбекистон ва Афғонистон Президентлари, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари бўлган мамлакатлар, минтақанинг етакчи давлатлари ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этган йиғинда Ўзбекистон Президенти чиқиш қилар экан, Афғонистондаги можарони ҳал қилиш йўлларининг аниқ стратегик ёндашувларини кўрсатиб, «афғон сиёсати»га доир устувор йўналишларни белгилаб берганди. Улар бугунга келиб Афғонистонда тинчликни қарор топтириш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш асосига айланди.
Тошкент декларацияси асосида қарийб икки йил давом этган халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатлар натижасида 2020 йилнинг 29 февраль санасида Қатар пойтахти Доҳада Америка Қўшма Штатлари ва «Толибон» ҳаракати ўртасида тинчлик битими имзоланди.
Мазкур анжумандан сўнг дунёнинг ривожланган «ақл марказлари», нуфузли экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ўз тахминларини баён қилишди. Таҳлилчилар Президент Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон бўйича юқори даражадаги халқаро конференцияни ўтказиш ташаббуси ўз вақтида бўлгани ва долзарб аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашди. Бунинг натижасини кечагина Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» гуруҳи ўртасида узоқ кутилган инклюзив музокаралар бўлиб ўтгани ва бу учрашувлар моҳиятан афғонлараро умуммиллий ярашувга мустаҳкам пойдевор яратиши билан ниҳоятда аҳамиятли, дея эътироф этилганида ҳам кўриш мумкин. Чунки бунгача ушбу ўлкада ўтган 40 йил мабойнида тинчлик ўрнатиш бўйича бирор-бир самарали музокара ўтказилмаган.
Давлатимиз раҳбари бу сафарги нутқида ҳам халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик қатор масалалар юзасидан муҳим ташаббуслар билан чиқди. Хусусан, минтақа ва глобал миқёсда тинчлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, конструктив мулоқотни кенгайтириш, шунингдек, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш масалаларини ўртага ташладики, улар бугун бутун инсониятни ўйлантирмоқда. Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари муҳим масала сифатида қайд этган қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка барҳам бериш бугун барча давлатлар ва жамиятлар учун бир хил долзарблик касб этаётгани бор гап. «Фуқаролар адолатсизликдан шикоят қилиши ва улар бир минтақада бошқасидан фарқ қилиши кутилмаган нарса эмас. Ушбу муаммоларга иқтисодиёти бой мамлакатлар ҳам, ривожланган демократик давлатлар ҳам дуч келади», дейди Марказий Осиёда ислом дини тадқиқотчиси Ной Таккер Жорж Вашингтон университети қошидаги Европа, Россия ва Евроосиё тадқиқотлари институтининг «Марказий Осиё» дастури вебсайтида босилган «Худосиз терроризм: Марказий Осиёдаги радикаллашув ва радикаллашувга қарши кураш моделларини қайта кўриб чиқиш» деб номланган тадқиқотида. Ҳақиқатдан ҳам бугун патакга тушган қуртдай инсоният хотиржамлигини кемираётган халқаро терроризм ва радикализм мотивида фақат диний ёки ирқий-этник эмас, балки иқтисодий «бўёқ»лар, яъни мўмай пул ишлашга бўлган иштиёқ кўзга бўртиброқ кўриниб қолганини кўпчилик тан олмоқда.
Ной Таккер террорчилар орасига тушиб қолган, адашган минтақадошларимизнинг катта қисмини тирикчилик илинжида иш излаб хорижга чиққанлар ва тенгсизликдан аламзада бўлганлар, дея тамсиллайди. Шу маънода Президентимизнинг ушбу глобал хавф – камбағалликни қисқартириш масаласини ўртага ташлаши ва унинг ечимлари юзасидан берган таклифлари замонавий дунёни қийнаётган масала ўлароқ жаҳон афкор оммасининг эътиборини тортди, десак адашмаймиз.
Маърузада Юртбошимиз бугун бутун инсоният бошига тушган, ҳаммани бирдай хавотирга солаётган коронавирус пандемияси, унга қарши биргаликда курашиш ва касаллик тарқалишининг салбий оқибатларини енгиб ўтиш масалаларига ҳам эътибор қаратди. Ушбу офат ҳозирда инсоният олдида турган, энг биринчи ҳал этилиши зарур бўлган муаммолардан бирига айланди. Негаки, ёш, жинс, миллат ва давлат танламайдиган ушбу вируснинг тарқалиш суръати жуда тез, талофати ҳалокатли. Шу ўринда мамлакатимизда Президентимиз кўрсатмаси билан ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар касаллик келтириши мумкин бўлган хавфни камайтириш имконини берганини алоҳида эътироф этиш зарур.
Президентимизнинг мазкур маърузасидан келиб чиқиб, қайд этиш керак бўлган яна бир жиҳат бор. Маълумки, давлатимиз раҳбари шу йил бошида Олий Мажлисга қилган мурожаатида 2021-2023 йиллар мобайнида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиш масаласини баён этган эди. Тан олиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда ушбу жабҳада дадил қадамлар ташланди. Диний ва сиёсий сабаблар билан ҳибсда ушлаб турилган маҳбуслар сонининг кескин қисқариши, матбуот ва сўз эркинлигининг таъминланаётгани, эркин сайловлар йўлидаги ислоҳотлар шулар жумласидандир.
Сўзимизни Туркиянинг «Жумҳурият» газетасида чиққан мақола ва турк матбуоти алоҳида эътироф этган омил – буюк миллатимиз томирларида қон мисол гупириб турган, бироқ узоқ йиллар мустамлака жабрини тортиб, рўзғор ва маиший мавзулар тилига айланиб қолган ОНА ТИЛИмиз ҳақидаги мулоҳазалардан бошлаган эдик.
Дарҳақиқат, Президентимизнинг ўз маърузасини она тилимизда баён этиши юз йиллик тарихимиздаги нафақат ижтимоий, балки чуқур сиёсий ҳодиса ҳамдир. Моҳият-эътибори билан бу ҳаракат чин маънодаги миллий давлат барпо этиш йўлидаги шаҳд ортга қайтмас эканини кўрсатади. Бу эса давлатимиз ва миллатимизнинг тожи, энг олий нишони бўлган она тилимизнинг қадрини янада баланд қилади.
Бугун миллат учун тарихий кун. Чунки кўп балоларни бошидан ўтказган, камситилган, хўрланган, буюк Навоий, Темур, Жалолиддин-у Бобурларни «эркалаб», «суюб» улғайтирган тилимиз яна ўз шавкатини тикламоқда. Ўзбек қайта дунёга келмоқда, янги Ўзбекистон дунё саҳнасидаги ўз ўрнини эгалламоқда!
Қудратилла Рафиқов
Олий Мажлис Сенати аъзоси,
сиёсатшунос