Наманган шаҳридаги “Орзу” кичик саноат зонасида жойлашган “IDEAL TEKSTIL-ORZU” масъулияти чекланган жамияти эркаклар ва аёллар устки кийим-бошлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, айни пайтда жами 450 нафарга яқин маҳаллий хотин-қизлар иш билан таъминланган. Бир йилда 300 минг дона маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган корхона ўз маҳсулотларини маҳаллий бозордан ташқари, Германия, Россия, Польша, Бельгия каби давлатларга экспорт қилади.
Ўзбекистонда эркаклар кийимларини ишлаб чиқариш бўйича энг йирик саналган ушбу корхона маҳсулотларининг сифатлилиги ҳамда ташқи дизайнининг замон талабларига жавоб бериши билан ҳам бошқа брендлардан ажралиб туради.
—Ушбу корхонанинг тикув бўлимида иш бошлаганимга бир йилдан ошди, — дейди Феруза Ҳамидова. — Бу ерда бичиш бўлимидан олинган материалларни тикиб, ярим тайёр ҳолга келтирамиз. Иш жараёнимизда барча шароитлар яратилган. Тикиш бўлимимизда хотин-қизлар кўп. Иш ҳақимиз ўз вақтида бериб борилади.
Ўзбекистон тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Наманган вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Қодирхон Мавлонов ушбу йирик корхонада бўлиб, ходимларга касаба уюшмасига аъзолик афзалликлари ҳақида батафсил маълумот берди ҳамда ишчи-ходимларнинг хоҳиши асосида касаба уюшмаси аъзолигига олинди.
Шунингдек, корхона ишчи-ходимларига Касаба уюшмалари тўғрисидаги янги қонуннинг мазмун-моҳияти билан атрофлича таништириб, ишлаб чиқаришда ходимларнинг меҳнат муҳофазаси, бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари юзага келган ҳолларда иш берувчи томондан ундириладиган компенсация масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.