Welcome to   Click to listen highlighted text! Welcome to

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси VIII қурултойи делегатларининг мамлакатимиз халқи, ишчи-меҳнаткашлар, касаба уюшмалари ташкилотлари ва ижтимоий шерикларга мурожаати

Азиз ватандошлар!

Биз, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII қурултойи делегатлари, уюшмамизнинг беш ярим миллиондан ортиқ аъзоси номидан 11 ноябрь Федерациямиз тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилади, деб эътироф этамиз.

Мустақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба Ўзбекистон Республикаси Президенти касаба уюшмалари қурултойи қатнашчиларига табрик йўллади, 11 ноябрни «Касаба уюшмалари куни» этиб белгилашни таклиф этди. Барчамиз учун бу катта шараф бўлиш билан бирга, юксак масъулият ҳамдир.

Жаҳон ҳамжамияти «Янги Ўзбекис­тон» дея ҳақли равишда эътироф этаётган мамлакатимиз янги Маърифий уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига шаҳдам ва дадил қадам ташламоқда. Бу янги давр табиий равишда Юртбошимиз, муҳтарам Шавкат ­Миромонович Мирзиёев бошчилигида қисқа муддатда эришган ютуқларимизни тарих қатига жойлаб, олдимизга янгидан-янги вазифаларни ҳам қўймоқда.

2020 йил бутун дунё мамлакатлари ва халқлари учун оғир келди. Она Ватанимиз учун эса бу синовлар биргина пандемия билан кифояланиб қолмади, халқимиз яна икки офат – «Бухоро тўфони» ва «Сардоба воқеаси» каби фалокатлар ситамларини ҳам бошидан ўтказди.

Кўп минг йиллик шонли тарихга эга буюк халқимизнинг ирода, сабот ва матонати яна бир бор синовдан ўтди. Минг шукрки, Миллатимиз сардори бошчилигида халқимизнинг қадди букилгани йўқ!

Президент атрофида жипслашган, унинг қараш ва ғояларини якдиллик билан қўллаб-қувватлаган, бу офатларни биргаликда ва ҳамжиҳатликда, бир мушт бўлиб енгиб ўтишга аҳд қилган халқимиз бугун ўз салоҳияти мўъжизасини кўриб турибди.

Бу Президент ва халқ якдиллигининг энг олий намунасидир!

Азизлар!

Яқинлашиб келаётган – 2021 йил мазмунан янги ўн йилликни бошлаб беради. «Янги Ўзбекистоннинг Янги касаба уюшмалари» Президентимиз стратегик вазифа сифатида белгилаб берган, миллий ғоя даражасига кўтарган, халқимиз ва халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳоланаётган Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда барча имкониятларини сафарбар этишни ўз фаолиятининг устувор йўналиши сифатида кўради.

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий ва барча соҳалардаги ислоҳотлар давлат сиёсатининг ўзагини МИЛЛАТ ва ВАТАН манфаатлари ташкил этади. Зеро, ушбу халқона сиёсат жонажон юртимизда адолатли жамият яратиш ва демократик давлат қуриш, аҳолининг турмуш фаровонлиги ва юксак ҳаёт даражасини таъминлаш, мамлакат равнақи ва қудратини оширишни ўзида мужассам этган.

«Халқ қабулхоналари», ҳокимиятлар ва давлат идораларининг халқ билан юзма-юз учрашиб, одамлар дардига қулоқ тутиши давлат ва жамият ўртасидаги олислашиб кетган масофани бартараф этди.

Шу маънода, Президентимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш ҳақидаги ғоя ва қарашлари, инсонпарвар стратегияси ҳам биз учун энг улуғ ва азиз мақсад-муддаога айланмоғи керак.

Янги Ўзбекистоннинг Янги касаба уюшмалари мазкур инсонпарвар стратегияни амалга ошириш йўлида халқ билан мулоқотни кенгайтириб, Юртбошимизнинг халқчил сиёсатини қўллаб-қувватлашга, бу борадаги улуғвор миллий ҳаракатларига камарбаста бўлишга, мамлакат тараққиёти, эл фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилишга тайёр эканини билдиради.

Қадрли юртдошлар!

Бугун қабул қилинган «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегик йўналиш­лари» фаолиятимизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. У Президентимизнинг халқимиз томонидан тўла қўллаб-қувватланган ва ҳаёт тарзига айланиб бораётган «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» деган эзгу ғояларини рўёбга чиқаришда касаба уюшмаларининг фаол иштирокини таъминлашга қаратилган.

Ўзбекистон касаба уюшмалари ушбу эзгу ғоя ва мақсадларга эришиш баробарида:

халқимиз учун муносиб ҳаёт ва турмуш даражасини таъминлаш;

барчани қулай ва хавфсиз меҳнат шароитлари ҳамда адолатли ҳақ тўланадиган иш билан таъминлаш;

аҳолининг, биринчи навбатда, ишчи ва меҳнаткашларнинг ижтимоий ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоя қилишнинг юқори даражасига эришиш;

барчани сифатли ва муносиб тиббий хизмат кўрсатиш тизими билан қамраб олишга, жамиятда соғлом турмуш тарзи маданиятини шакллантиришга эришиш;

юртимизда камбағалликни қисқартириш ва бартараф этиш;

меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларининг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш;

гендер сиёсатини амалга ошириш;

рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантиришга ­кўмаклашиш;

меҳнаткашлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш;

ўқитувчи ва мураббийлар ҳамда тиббиёт ходимларининг жамиятда тутган мавқеи ва нуфузини ошириш, уларнинг соғлигини муҳофаза этиш каби масалаларга устуворлик беради.

Президентимиз томонидан тавсия этилган Касаба уюшмалари Академиясининг қисқа муддатда ташкил этилиши эса касаба уюшма ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасидаги кенг қамровли фаолиятини йўлга қўйишга хизмат қилади.

Марказий Осиёнинг Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги ўрни ва аҳамиятидан келиб чиқиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қўшни давлатларнинг касаба уюшмалари билан биргаликда Марказий Осиё касаба уюшмаларининг Маслаҳат кенгашини тузиш таклифини илгари суради.

Азиз ватандошлар!

Биз, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси VIII қурултойи делегатлари, бутун Ўзбекистон халқи, ишчи-меҳнаткашлар, касаба уюшмалари ташкилотлари ва ижтимоий шерикларимизга, азиз ёшларимиз, мўътабар нуронийларимизга мурожаат қиламиз!

Барчамиз Янги Ўзбекистонимизнинг асосчиси ва Йўлбошчиси муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев бошлаган ислоҳотлар ва миллатпарвар ғояларини амалга оширишда камарбаста бўлайлик!

Президент атрофида жипслашайлик, ўз ғайратимиз, шижоатимиз ва ватанпарварлигимиз билан Йўлбош­чимизнинг йўлини янада чароғон этайлик!

Зотан, буюк ғалабалар, улуғ музаффарият байроқлари доим аҳиллик ва ҳамжиҳатликдан бунёд бўлган муаззам қоялар устига тикилади!

Барча-барчангизни мана шу тарихий қурултойимизнинг асосий мазмун-моҳиятини ифодаловчи бош ғоя атрофида жипслашишга чақирамиз:

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!