2021 йилнинг 8 февраль куни Жиззах вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши мажлислар залида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекциясининг Жиззах вилояти бўйича Меҳнат техник ва ҳуқуқ инспекторлари томонидан Жиззах вилояти Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси тармоқ тизимидаги бошланғич касаба уюшма қўмитаси раислари ва касаба уюшма фаоллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йилнинг 29 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномаси тарғиботи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Касаба уюшмалари тўғрисидаги Қонун тарғиботи бўйича тадбир ўтказилди.
Тарғибот тадбирини Ўзбекистон Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Жиззах вилояти бўйича масъул ташкилотчиси М.Қулбоев кириш сўзи билан очди.
Ташкил этилган “Тарғибот тадбири”да Жиззах вилояти бўйича Меҳнат техник инспектори И.Жабборов томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун – моҳияти Жиззах вилоят тармоқ тизимидаги бошланғич касаба уюшма қўмитаси раислари ва фаолларига ўқиб эшиттирилди ва Мурожаатноманинг асосий тушунчалари бўйича видео ролик намойиш этилди.
Ватанимиз келажагига дахлдор бўлган ушбу Мурожаатномада жамиятимиз ҳаётининг ҳеч бир тармоғи эътибордан четда қолмаганлиги, Мурожаатномада кўтарилган масалалар, белгилаб берилган устувор вазифаларнинг барчаси халқимиз турмуш даражасини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятли эканлигини, юртимиздаги барча соҳаларда мавжуд вазият, қисқа вақт ичида мамлакатимиз нуфузи ва салоҳиятини янги босқичга кўтариш йўлида амалга оширилган кенг кўламли ишлар, кўзланаётган марралар ва уларга эришиш борасидаги вазифаларга бағишланганлиги, юртимизнинг ҳар бир фуқароси юрагидан жой олганлиги эътироф этилди.
Мазкур мурожаатномада фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, мурожаатлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, ташкилот ва корхона ходимларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, ижтимоий иқтисодий масалаларни ҳал қилишда касаба уюшмалари кафолатлари, касаба уюшмаларининг иш берувчилар, давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлиги механизмларини такомиллаштириш ҳамда бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш йўналишида белгилаб берилган масалалар тўғрисида тўлиқ маълумот бериб ўтди. Шунингдек, ушбу мурожаатномани тўлиқ ўрганиш ва ўзимизга тегишли вазифаларни белгилаб олиш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини таъкидлаган ҳолда, ҳар бир ходим ўз ҳуқуқ ва манфаатларини таъминланишида, айниқса, турли тоифадаги ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қатламига мансуб, шунингдек, меҳнат фаолиятини бошлаган ёш ходимлар учун ҳуқуқий саводхонликни ошириш муҳим аҳамиятга эга эканлиги тўғрисида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.
Тадбир давомида муҳтарам Президентимиз Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш, ислоҳотларимиз самарасини юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўз ҳаётида ҳис этиши учун амалга оширилаётган тизимли ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида, бошланғич касаба уюшма қўмитаси раисларига бор имкониятларини ишга солишлари таъкидлаб ўтилди.
Жиззах вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқи инспектори С.Нуруллаев ўз нутқида, янги таҳрирда қабул қилинган Касаба уюшмалари тўғрисидаги Қонунга киритилган қўшимчалар Халқаро ҳуқуқ нормалари ва Халқаро меҳнат ташкилоти тавсияномаларига кўра қабул қилинганлигини, хусусан, улар тадбиркорлар томонидан ёлланган ва хусусий секторда ишлаётган ишчилар ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларини янада самаралироқ ҳимоя қилиши баён этилган.
Якка тартибдаги тадбиркорлар ишлайдиган жойларда, шунингдек, тармоқлар ва ҳудудлар даражасида касаба уюшмалари ташкилотларини тузиш ва фаолиятини таъминлаш тартиби белгиланган. Касаба уюшмалари органларининг сайлаб қўйиладиган лавозимларига сайланиши муносабати билан ишдан озод этилган ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя қилиш кафолатлари кучайтирилган. Ходимларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг ролини оширишга қаратилган бошқа ташкилий-ҳуқуқий механизмлар қонун томонидан мустаҳкамланганлигини таъкидлаб ўтди.
Тадбир сўнгида ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиниши, меҳнат муҳофазаси ишларини ташкил этилиши, хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилиниши, муносиб меҳнат шароитларини яратиб берилиши ҳамда меҳнат муносабатларини тартибга солувчи қонун ва қонун ости меъёрий ҳужжатлар ҳақида ҳам тушунтиришлар берилди.
Тадбир давомида иштикорчилар томонидан берилган саволларга тўлиқ жавоблар олинди ҳамда тадбир иштирокчилар фаоллигида ўз якунига етди.