Welcome to   Click to listen highlighted text! Welcome to

Кексалар эъзозда

Мамлакатимизда ўтказилаётган “Кексалар ҳафталиги” тадбирларида Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқда. Шу мақсадда махсус тадбирлар режаси тасдиқланиб, унга мувофиқ бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, меҳнат жамоаларида “Касбим – фахрим” мавзусида кекса авлод вакиллари, меҳнат фахрийлари билан учрашувлар, маданий тадбирлар ташкил этилмоқда. Корхона, ташкилот ва муассасаларда ишлаб, пенсияга чиққан фахрийларнинг хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг ҳолидан хабар олинмоқда. Шунингдек, “Саховат” ва “Мурувват” кексалар уйларида яшовчилар ҳолидан ҳам хабар олиниб, амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Бундан ташқари, корхона, ташкилот ва муассасаларда узоқ йиллар ишлаб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган нуронийлар, меҳнат фахрийлари, “Фахрийлар кенгаши” аъзолари учун “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида республикамизнинг тарихий шаҳарларига, вилоят марказларидаги зиёратгоҳ ва қадамжоларга саёҳатлар ташкил этилмоқда. Меҳнат жамоаларида фахрийлар ўртасида спортнинг шашка, шахмат, дартс турлари бўйича мусобақалар, пиёда юриш марафонлари ўтказилмоқда. Меҳнат фахрийларининг маданий ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш мақсадида жойлардаги театр, концерт ва музейларга ташрифлари ташкил этилиб, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларига кўмаклашилмоқда.

Маҳаллаларда нуроний кексаларни эъзозлаш, кўмакка муҳтож инсонларга моддий-маънавий ёрдам бериш, хонадонларида ҳашарлар ўтказиш, уй-жойларини таъмирлаш, якка ёлғиз кексаларнинг юбилей кечаларини ўтказиш билан боғлиқ хайрия тадбирларини ўтказишда ҳам касаба уюшмалари томонидан амалий ёрдамлар кўрсатилаётганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.

Хусусан, Ўзбекистон Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан тизимда меҳнат қилиб, ҳозирда кексалик гаштини сураётган фахрийлардан иборат саёҳатчилар Қибрай туманида барпо этилган  “Янги Ўзбекистон боғи”га саёҳат қилишди.

Шундан  сўнг, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида “Касбим-фахрим” мавзусида тўқимачилик ва енгил саноати касаба уюшмаси соҳасида узоқ йиллар меҳнат қилиб, ҳозирда нафақада бўлган кекса авлод вакиллари билан ёшлар учрашуви ташкил қилинди.

– “Мен дастлаб Тошкент шаҳридаги рус тилига ихтисослашган ўрта мактаблардан бирида таҳсил олгач, Тошкент политехника институтига ўқишга қабул қилиндим. Узоқ йиллар меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги соҳасида турли корхоналарда, касаба уюшмаси тизимида меҳнат қилдим. Худога шукур ўзига яраша ҳурмат ва иззат топдим. Ҳозир сиз ёшларга жудаям ҳавасим келяпти. Илгари биз ўқиган пайтлари соҳага оид китоблар жудаям кам эди, борларини ҳам катта навбат билан кутубхонадан олиб ўқирдик. Ўқув адабиётларининг деярли барчаси рус тилида эди. Компьютер техникаси йўқ эди у пайтлари. Ҳозирги шароитларга қаранг сизлар учун ҳамма нарса муҳайё. Фақат ва фақат ўқиш, ўрганиш ва ўз устингизда ишлашингиз лозим” – дейди, собиқ Ўзбекистон енгил саноати ходимлари касаба уюшмари Республика Кенгаши масъул ходими Альберт Бахтиев.

Мазкур тадбирда талаба ёшлар фахрийларга ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан саволлар билан мурожаат қилишди.

Тадбир доирасида фахрийлар учун байрам дастурхони ташкил этилиб, бир пиёла чой устида мароқли суҳбат ўтказилди.

 

 

 

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!