Welcome to Тадиркорлик   Click to listen highlighted text! Welcome to Тадиркорлик
Тадиркорлик

Меҳнат муҳофазаси — хавфсиз иш муҳити сари ташланган қадам

Дунё статистикасига назар ташласак, ҳар йили 15 миллиондан зиёд ишчи иш жараёнида бахтсиз ҳодисаларга дуч келмоқда. Шунингдек, зарарли иш шароити туфайли 6 миллионга яқин ходим касбий касалликка чалиниб, афсуски, 2,5 миллиондан ортиқ инсон иш жараёнида ҳаётдан кўз юммоқда. Бу рақамлар бир жиҳатни ойдинлаштиради: меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлигига енгил қараб бўлмайди.

Айнан шу муҳим масалага бағишланган тадбир “Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятининг 120 йиллиги” ҳамда 28 апрель – “Бутун жаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” муносабати билан ўтказилди. Тошкент шаҳридаги мазкур амалий семинарда Ўзбекистон Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва Республика “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамкорлигида ZOOM видеоконференция платформаси орқали ташкил этилди.

Семинарда “Ҳунарманд” уюшмаси тизимидаги қириқдан зиёд ходимлар, вилоятлардаги 150 дан ортиқ ҳунармандлар, шунингдек, соҳанинг етук мутахассислари иштирок этди. Улар орасида “Ҳунарманд” уюшмаси раиси биринчи ўринбосари Акбар Мухамедов, Ўзбекистон Иш берувчилар конфедерацияси ижрочи директори Эка Маргишвили, “Modern Medicine Alliance” МЧЖ раҳбари ўринбосари Сардор Қодиров, меҳнат муҳофазаси бўйича бош мутахассис Марат Адилов ва бошқалар бор эди.

Семинарда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида юзага келаётган муаммолар, уларнинг ечимлари ҳамда инновацион ёндашувлар муҳокама этилди. Махсус кийим-бошлар, техника хавфсизлиги талаблари, сунъий интеллект ва рақамлаштириш технологияларининг меҳнат муҳофазасига таъсири каби йўналишлар алоҳида эътибор марказида бўлди.

Меҳнат муҳофазаси бўйича бош мутахассис Марат Адиловнинг таъкидлашича, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун талаблари баъзи ташкилотларда тўлақонли бажарилмаётган ҳолатлар кузатилмоқда. Шу боис, иш берувчилардан мавжуд камчиликларни бартараф этиш, муносиб меҳнат шароитини яратиш, ходимларни махсус кийимлар билан таъминлаш талаб этилмоқда.

Шунингдек, ҳунармандчилик соҳасида меҳнат муҳофазаси алоҳида аҳамиятга эга. Бу соҳа қўл меҳнатига асослангани сабабли, хавфсизликни таъминлаш — инсон ҳаётини асрашдек муҳим вазифани англатади. Янги технологиялар, айниқса, сунъий интеллект ва рақамлаштириш имкониятлари иш жараёни самарадорлиги ва хавфсизлигини оширишда муҳим ўрин тутади.

Семинарда сўзга чиққан Эка Маргишвилининг сўзларига кўра, “Хавфсиз меҳнат муҳити — ишлаб чиқариш самарадорлигининг асосий омилларидан бири”. У иш берувчиларни ходимлар учун муносиб шароит яратишга ва амалдаги қонунчилик талабларига қатъий амал қилишга чақирди.

Якунда тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди ва меҳнат муносабатлари, қонунчилик, хавфсизлик бўйича муҳим маълумотларга эга бўлишди. Ушбу тадбир эса, ўз навбатида, иш жойларида юзага келиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларни олдини олишда ва меҳнат муҳофазасига бўлган ёндашувни янги босқичга олиб чиқишда катта аҳамиятга эга бўлди.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!