Welcome to Тадиркорлик   Click to listen highlighted text! Welcome to Тадиркорлик
Тадиркорлик

Касб орқали камолот сари: касаба уюшмалари ҳаракатига 120 йил — бирдамлик ва келажак сари дадил қадам

2025 йил 30 майдан 1 июнгача Тошкент вилоятининг гўзал табиати бағрида жойлашган “Геолог” болалар оромгоҳида “Ўзбекистон ошпазлар” ва “Сартарошлар” уюшмалари ҳамкорлигида ошпаз “Ёш касб эгаси”, сартарош “Устоз-шогирт анъаналари”, “Официантлар кўрик-танлови” ҳамда Республика Кенгаши Спартакиадаси ташкил этилди. Ушбу тадбирлар “Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги” муносабати билан ўтказилаётган “Тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳафталиги доирасидаги муҳим лойиҳалар сирасига киради.

Бирдамлик ва тажриба узатиш майдони

Тадбирнинг бош шиори сифатида қабул қилинган “Касаба уюшмалари ҳаракати — меҳнаткашларнинг 120 йиллик бирдамлик рамзи!” да ижтимоий тараққиёт, инсон қадри ва меҳнатга бўлган ҳурмат акс этган. Бу галги тадбирда “Ёш касб эгаси”, “Устоз – шогирд анъаналари”, “Официантлар кўрик-танлови” ҳамда Республика Кенгаши Спартакиадаси каби муҳим йўналишлар бўйича беллашувлар бўлиб ўтди. Уларда 100 нафарга яқин ёшлар, касбий таълим муассасалари талабалари, фаол ишчи-ходимлар, меҳнат фаҳрийлари ҳамда бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган меҳнаткашларнинг оила аъзолари фаол иштирок этдилар.

Амалиётда дуал таълим ва ижтимоий ёндошув

Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган дуал таълим тизими доирасида ўтказилган мазкур тадбирларда ёшлар иш жойида тўғридан-тўғри амалиёт ўташ орқали ўз касбий кўникмаларини намоён этишди. Бу тизим, бир томондан, иш берувчиларнинг эҳтиёжига мос кадрлар тайёрлашга имкон берса, иккинчи томондан, ёшларнинг иш тажрибаси ва меҳнат бозорига тайёр ҳолда кириб келишини таъминлайди.

Спорт ва маданият уйғунлиги

Спартакиада доирасида шахмат, шашка, стол тенниси, бадминтон, дартс ва арқон тортиш каби спорт турлари бўйича қизғин беллашувлар ўтказилди. Ғолиблар кубок ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Тадбирнинг ижтимоий аҳамиятини янада ошириш мақсадида, маданий-тарбиявий дастурлар, интервьюлар, жонли ижролар ва ёшлар билан суҳбатлар ҳам ташкил этилди.

Миллий қадриятлар, устозлар тажрибаси ва ёшлар салоҳияти уйғунлашган майдон

Тадбирда иштирок этган 84 ёшли Рўзимурод Шокировнинг қуйидаги сўзлари нафақат ҳурмат, балки мустаҳкам алоқаларнинг яққол ифодаси бўлди:

“25 йил тармоқ касаба уюшмалари тизимида меҳнат қилдим. Лекин ҳозир ҳам «Ёшинг ўтди, пенсионерсан», деб мени четга суриб қўйишгани йўқ. Ушбу тадбирларда ҳам ёш ходимларга тажрибаларимни ўргатдим.”

Мулоҳаза

Тадбир доирасида ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси Асроржон Мамасодиқов ҳам ўз фикрларини билдирди:

— Президентимиз томонидан илгари сурилаётган “Ёшларга оид давлат сиёсати”да ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларни бандликка жалб қилиш, амалий кўникмаларга эга бўлишларига кўмаклашиш, иқтидорли ва ташаббускор ёшлар учун кенг имкониятлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айни шу вазифалар ушбу кўрик-танлов ва спорт мусобақаларида ўз ифодасини топмоқда. Бу ерда ёшлар касбий билим ва маҳоратларини ошириш, тажрибали устозлардан илҳом олиш, жамоавий руҳда фаолият юритиш ва энг муҳими — келажакда ўз ўрнини топа оладиган соҳа эгаси бўлиш йўлида муҳим қадам ташлаш имконига эга бўлмоқда. Бу эса касаба уюшмаларининг ёшлар тарбияси ва истиқболига қаратилган эътибори самарасидир.

Ғолиблар эътирофсиз қолмади

Тадбир доирасида “Ёш касб эгаси” кўрик-танлови доирасида ошпазлик йўналиши бўйича, “Устоз-шогирт анъаналари” танлови доирасида сартарошлик йўналиши бўйича, “Официант” кўрик-танлови бўйича эса турли ҳудудлардан ташриф буюрган ёш мутахассислар ўз маҳоратларини намоён этишди ва ғолиб деб топилган иштирокчилар Республика Кенгаши дипломи ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Туризм орқали таассуротлар бойиди

“Янги Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори асосида вилоятлардан ташриф буюрган иштирокчилар учун Тошкент шаҳридаги тарихий ва маданий обидаларга саёҳатлар уюштирилди. Бу тадбир хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва ички туризмни қўллаб-қувватлаш борасидаги давлат сиёсатига ҳамоҳанг йўналишда амалга оширилди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад

Мазкур йирик тадбир — фақат рақобат ва ғолиблик учун эмас, балки ёш авлодни касбга бўлган муҳаббат билан тарбиялаш, устозлик ва шогирдлик анъаналарини асраб-авайлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, касаба уюшмаларининг ёшлар ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш каби улкан тарбиявий ва ижтимоий вазифаларни ҳам ўзида мужассам этган.

Хулоса ўрнида

Касаба уюшмалари ҳаракати мамлакатимизда фақатгина меҳнат муносабатларининг эмас, балки ёшлар сиёсати, ижтимоий ҳимоя, касбий етишиш ва маданий-маърифий ҳаётнинг ҳам ажралмас қисми эканини яна бир бор намоён этди. “Геолог” оромгоҳида ўтказилган мазкур тадбир — касб орқали камолот сари қадам қўйётган ёшлар учун катта руҳий ва амалий кўмак бўлди.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!