Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 37-моддасида “Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир” деб белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига жорий йилнинг 7 октябрь куни Тошкент вилояти “Сувоқова” давлат унитар корхонаси Олмалиқ шаҳар “Сувоқова” филиали Аэрация участкасининг фаол ил машинисти лавозимида ишлаб келган Худойбақов Салим Муталович ва Буранов Даврон Бахтиёрович ҳамда 20 октябрь куни ишонч телефонига “Тошкент иссиқлик маркази” акционерлик жамияти 5-1М автоматик ва назорат улчов асбоблари бўйича 1 разрядли чилангар лавозимида ишлаб келган Хайрулин Муслим Сахатович аввалги ишига тикланишда амалий ёрдам сўраб йўллаган шикоят аризалари Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши масъул ходими томонидан ўрганилди.
Мазкур ариза шикоятларни ўрганиш давомида аниқланган меҳнат қонунчилиги бузилишини бартараф этиш бўйича Олмалиқ шаҳар “Сувоқова” филиали ҳамда “Тошкент иссиқлик маркази” акционерлик жамияти раҳбарлари билан олиб борилган музокаралар натижасида фуқароларнинг мурожаатлари қаноатлантирилиб жорий йилнинг 1 ноябиридан аввалги ишига тикланди.