Ҳаммамизга маълум жорий йилнинг 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни.
Айни кунларда мамлакатимизда муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Ушбу жараёнда ёшларнинг ҳам фаол иштирок этиши муҳим аҳамиятга эга. Шу боис жойларда йигит-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган тарғибот тадбирлари, учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида белгиланганидек, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади.
Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримовнинг таъкидлаганидек, сайловлар – бу мамлакатимизда амалда бўлган ҳуқуқий нормаларнинг нечоғлиқ демократик руҳда эканини намоён этадиган, демократик ҳуқуқий давлатнинг узвий белгиси, халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишининг, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокининг асосий шакли бўлиб, ўта муҳим ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга масаладир.
Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этадиган 21.435.009 нафар фуқаролардан биринчи марта иштирок этадиган, яъни 18 ёшга тўлган 555.497 нафарини ёшлар ташкил этади.
Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Яккасарой маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи мажлислар залида Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси тармоқ касаба уюшмаси Ёшлар кенгаши раиси А.Ганибаевнинг ушбу коллежда тахсил олаётган ўн саккиз ёшга тўлган жорий йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида биринчи марта иштирок этадиган ўқувчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувида Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги ва бошқа сайловга оид Қонунларда белгиланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, сайловларда овоз бериш қоидалари ва бошқа тартиб ва талаблари тушунтирилди.
Учрашувида давомида коллеж ўқувчилари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.