Жорий йилнинг 4-7 январь кунлари Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилояти туман (шаҳар) кенгашлари тасарруфидаги Урганч Олимпия заҳиралари коллежи, Урганч маиший хизмат, Хонқа енгил саноат, Гурлан тадбиркорлик ва сервис касб-ҳунар коллежларида 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати билан ”Тинчлик учун курашмоқ керак”, “Ўзбекистон мустақил Ватанимиз”, “Ватан ҳимояси муқаддас бурч” мавзуларида ушбу касб-ҳунар коллежлари ўқитувчи ва ўқувчилари иштирокида давра суҳбатлари ўтказилди.
Ўтказилган давра суҳбатларига ҳудуддаги харбий қисмларнинг масъул ходимлари ва Урганч Сержантлар тайёрлаш мактабининг сержантлари таклиф қилинди.
Давра суҳбати қатнашчилари ўз чиқишларида Қуролли Кучларимизнинг ўтган 25 йиллик тарихига назар ташлайдиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида миллий армиямизни тубдан ислоҳ қилиш натижасида Ватанни ҳимоя қилиш шарафли касбга айланганини кўришимиз мумкинлигини, ушбу давр ичида ҳарбий хизматнинг нуфузи бениҳоя ортгани, кўча-кўйда ҳарбий либосдаги йигитларга янада ҳавас ва ҳурмат билан қарайдиган бўлганлигини, тақдирини юрт ҳимояси билан боғлаган асл ўғлонлар ҳукуматимиз меҳрини, эътиборини, ғамхўрлигини ҳамиша юракдан ҳис қилиб яшаётганларини ва ҳар қандай давлатнинг мустақиллиги, халқнинг эрки унинг ўз армияси, Қуролли Кучлари томонидан ҳимоя қилиниши кераклигини таъкидлаб ўтдилар.
Сана муносабати билан Урганч Олимпия заҳиралари коллежининг ўқитувчилари ва ишчи-ходимлари ўртасида спортнинг Мини футбол тури бўйича мусобақаси ташкил қилинди. Спорт мусобақасида 12 жамоанинг 72 нафар спортчилари соғлом турмуш тарзи бўйича бахслар олиб боришди. Натижаларга кўра коллежнинг “Олға” жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллаб, ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.