Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Шайхонтоҳур туман кенгаши томонидан “Касаба уюшмалари фаолиятига оид қонунларга киритилган ўзгартишлардан келиб чиқадиган вазифалар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.
Маълумки, ушбу қонунга мувофиқ меҳнат низоларини кўриб чиқишнинг соддалаштирилган ва самарали воситаси сифатида судга даъво аризасидан ташқари суд буйруғини чиқариш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқи киритилди. Шунингдек, касаба уюшмаси тақдимномасини кўриб чиқишнинг қисқартирилган муддатлари 1 ой эмас, балки 15 кун этиб белгилаб қўйилди.
Оммавий равишда ишдан озод этиш ҳақида касаба уюшмаларини олдиндан хабардор қилиш муддатлари Меҳнат кодексига мувофиқлаштирилди, яъни 3 ой ўрнига 2 ойда кўриб чиқилиши белгиланди.
Бу каби тадбирлар меҳнат муҳофазаси бўйича билимларимизни бойитиб, ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни янада теранроқ англашимизга замин яратади, деди таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Шайхонтоҳур туман кенгаши раиси Дилнура Ўлмасова. Барча корхоналар, муассаса ва ташкилотларда, якка тартибдаги тадбиркорлик ва ўзга меҳнат фаолияти амалга оширилаётган бошқа иш жойларида камида 3 нафар ходимнинг ташаббуси билан касаба уюшмаларини тузиш имконияти яратилгани айни муддао бўлди.
Шунингдек, давра суҳбатида меҳнат муҳофазасига оид бошқа маълумотлар, касб касалликларининг олдини олиш, иш берувчи ҳамда ходим ўртасидаги муносабатлар тўғрисида атрофлича маълумот бериб ўтилди.
Қизғин фикрлашув, баҳс-мунозара тарзида ўтган тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.