Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган кафолатларни таъминлашни яъни ҳар бир шахс меҳнат қилиши, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни ва қонуности хужжатлари орқали амалга оширилиши белгилаб қуйилган.
Ушбу қонун талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасида инсоннинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, сиҳат-саломатлиги ва иш қобилияти сақланишини таъминлашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена ва даволаш профилактика тадбирларини қамраб олувчи, меҳнатни муҳофаза қилиш тизими ташкил қилинган.
2016 йил 22 сентябрда имзоланган “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни меҳнатни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштирилишига қаратилган.
Касаба уюшмалари тизимидаги ташкилотларнинг меҳнат муҳофазаси соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа меъёрий ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатнинг назоратини самарали ташкил этиш мақсадида, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2017 йил 04 апрелдаги 6-44-сонли Раёсат қарори билан “Касаба уюшмаларининг меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги хизмати тўғрисида”ги Низом, “Касаба уюшмаси қўмитасининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича комиссияси тўғрисида”ги Низом, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирларини режалаштириш бўйича” Тавсияларнинг янги таҳрирлари ишлаб чиқилиб, амалиётга тадбиқ этилди.
Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари ривожланиши учун шароитлар яратиш борасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 27 апрелдаги 246-сон қарори билан “Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари фаолиятини ташкил этиш ва уларнинг ягона реестрини юритиш тартиби тўғрисида”ги Низом, “Ташкилотлардаги меҳнатни муҳофаза қилиш тизимида аудит ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом, “Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қайта тайёрлаш ва малака ошириш тартиби тўғрисида”ги Низом, “Меҳнат шароитларини давлат экспертизасидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомларни янги таҳрирлари тасдиқланди.
Ушбу қарор билан тасдиқланган Низомлар расман эълон қилингандан кейин уч ой муддат ўтгач кучга киради.
Мазкур қарор талаблари ўз вақтида, сўзсиз таъминланиши юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2017 йил 11 майдаги № БМ-09/767-сонли хати ижроси юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Чора-тадбир ижроси юзасидан қарорнинг мақсад ва вазифалари тизимдаги бошланғич ташкилотларда тарғиб қилиш, семинар ва давра суҳбатлари ўтказиш, оммавий ахборот воситалари орқали кенг тушунтириш ишлари олиб бориш мақсадида, барча туман ва шаҳар кенгашларига қарор ва Низомлар етказилди.
Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ХКУРК тизимидаги Самарқанд шаҳар, Жомбой, Пайариқ, Иштихон туман кенгашларига қарашли бошланғич ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси мухандислари, касаба уюшмаси раислари ва соҳа мутахассислари иштирокида тарғибот-ташвиқот йўналишида семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди.
Жараё нлар савол-жавоб, фикр ва мулоҳазаларга бой тарзда ўтди. Семинар жараёнларида 250 дан ортиқ соҳа мутахассислари иштирок этишди.
Шунингдек, вилоятдаги “Самарқанд”, “Зарафшон”, “Самаркандский вестник” ва туман газеталари орқали қарорнинг мақсад ва вазифаларини кенг тушунтириш, савол-жавоб рукнларида тарғибот ишлари олиб борилди.
Мутахассислар томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида барча касаба уюшмалари ташкилотларида тузиладиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича комиссия фаолияти, комиссиянинг вазифаси, ҳуқуқлари, ҳамда касаба уюшмаларининг меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигига доир фаолиятини ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида ишлаб чиқилган меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирларини режалаштириш бўйича Тавсиялари, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида фаолият юритиши мумкин малакали ходимларга бўлган эҳтиёж, шуниннгдек корхона ва ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ишлаётган ходимларнинг малакасини ошириш, меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишларда ишлаётган ходимларнинг Конституцион ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат шароитларини тўғри ташкил қилиш, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлаш, меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг ишлаши сифатини, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ва касб касалликларининг олдини олишга, даражасини камайтиришга қаратилган тадбирлар самарадорлигини ва шу каби бошқа масалалар тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди.
Семинар, давра суҳбатлари жараёнларида Самарқанд вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги хизмати ходимлари ва соҳага дахлдор мутахассислар иштирок этдилар.