Жорий йилнинг 16 июнь куни Ўзбекистон Симпозиумлар саройида Ўзбекистон касаба уюшмаларининг “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик” шиори остида ташкил этилган Форуми бўлиб ўтган эди.
Форумни ўтказишдан кўзланган мақсад Президентимиз ташаббуслари билан ишлаб чиқилган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни амалга оширишда барча даражадаги касаба уюшма органлари ҳаракатларини бирлаштириш ҳамда касаба уюшма фаолларини Ватанимизнинг порлоқ истиқболи йўлидаги улуғвор мақсадларни амалга ошириш йўлида жипслаштиришдан иборат эди.
2017 йил 10 июль куни Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан Мазкур Форумнинг якунларига бағишлаб амалий семинар ўтказилди.
Семинар ишида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, яқин ижтимоий ҳамкорлар бўлган Тошкент шаҳар Бандлик бошқармаси, Ўзбекистон савдо саноат палатасининг Тошкент шаҳар бошқармаси вакиллари, жамоат ташкилотлари раҳбарлари, Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари Республика Кенгаши тармоғига қарашли йирик корхона, ташкилот ва муассасалар мутасаддилари, иш берувчилар, касаба уюшма фаоллари ва аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Семинар давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Харакатлар стратегияси”ни амалга оширишда Кўмаклашув Дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда касаба уюшмаларининг ўрни ва роли” мавзусидаги маърузаси тингланди.
Тармоқга қарашли Банк молия академияси касаба уюшмаси раиси сўзга чиқиб, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашиш борасидаги аҳамиятига алоҳида тўхталдилар.
Муҳокамаларда сўзга чиққан касаба уюшма фаоллари Ҳаракатлар стратегияси жамиятнинг ҳар бир аъзоси, ҳар бир фуқароси учун ўзига хос чақириқ, ундов бўлганини, касаба уюшма аъзолари ҳам халқнинг орзу ниятлари рўёбига қаратилган Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда елкадош эканликларини, барча касаба уюшма аъзоларини юрт тараққиёти йўлида бирлашишга чақиришларини таъкидладилар.
Шундан сўнг Форум иштирокчиларининг юрт тараққиёти йўлида бирлашишга ундовчи “Ўзбекистон касаба уюшмалари аъзоларига Мурожаатномаси” ўқиб эшиттирилди.
Семинар якунида касаба уюшма фаоллари жондан азиз Ватанимиз Ўзбекистоннинг нурафшон келажаги, порлоқ истиқболи йўлида барча куч ва ғайратларини сафарбар этишга тайёр эканликларини билдирдилар.