Ёшларнинг ҳар томонлама комил, теран фикрлайдиган, ташаббускор ва шижоаткор бўлиб шаклланишларига эришиш бугунги куннинг бош мақсадларидан бирига айланган. Бу борада мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган таклиф ва ташаббуслар ёшларнинг ўзларини намоён қилишида, билим, илм эгаллашларида,жамиятда ўз ўринларини топишларида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тарих сабоқлари, жаҳон ҳамжамиятидаги воқеа-ҳодисалар ҳар қандай тараққиётга адолат принциплари орқали эришилишини кўрсатмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифа эканлигига алоҳида эътибор қаратаётганлиги бежиз эмас.
Адолат қарор топишига тўғаноқ бўлувчи иллатлардан бири бу коррупция, таниш-билишчиликдир. Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш орқали мамлакатимизнинг янада тараққий этишига эришамиз. Зеро, адолат ва қонун устувор жамиятда халқ фаровон ва бахтли турмуш кечиради.
2017 йил 4 январдан Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунининг кучга кириши мамлакатимизда адолат устуворлигини таъминлаш, коррупцияга бутунлай барҳам бериш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Мазкур қонун ижроси тўлиқ ва самарали таъминланиши учун 2017 йил 2 февралда давлатимиз раҳбарининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат қарор топтириш орқали биз ушбу жиноятни жамиятимиздан буткул сидириб ташлашимиз мумкин. Албатта, бунда меҳнаткашлар манфаатларини ифода қилувчи касаба уюшмалар зиммамида ҳам улкан масъулият бор. Шу боис касаба уюшма ташкилотлари томонидан тегишли қарорлар қабул қилиб, чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Яқинда Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Урганч шаҳар кенгаши томонидан “Коррупцияга бирга курашайлик!” мавзусида семинар ташкил этилди. Ушбу ўқув семинарида тасарруфдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатувчи 50 нафарга яқин ёшлар, касаба уюшма қўмиталари раислари ва касаба уюшма қўмитасининг аъзолари иштирок этди.
Семинар давомида давлат ва жамоат ташкилотларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат қарор топтириш ўта долзарб масала эканлигини, бу фақат масъул идора ва ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг вазифаси бўлиб қолмай, қонун ижросини тўла таъминлаш учун ҳар бир фуқаро ўзида масъулият ҳис этса, кўзланган мақсадга эришилиши таъкидланди. Ҳар биримиз қаерда, қандай муаммога дуч келсак ҳам, унинг ҳал этилишида масъул шахсларнинг масъулиятсизлиги ёки таъмагирлигига гувоҳ бўлганда шароитга бўйсуниш, индамай кетавериш ёхуд чидаш ўрнига бонг уришимиз, адолат устуворлиги учун курашишииз кераклиги эътироф қилинди
Ўқув семинар якунида Коррупцияга қарши курашишни тарғиб этувчи тарқатмалар тарқатилди ва бундай ўқув семинарларни барча корхона-ташкилотларда ўтказишга келишиб олинди.