Маълумки, Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши билан 9та ташкилотлар ўртасида 2015-2017 йиллар учун тармоқ келишувлари тузилган. Улар асосида сезиларли ишлар олиб борилмоқда.
Кундан-кунга Республикамизнинг ҳар бир ҳудудида савдо, умумий овқатланиш шахобчалари, кафе ва ресторанлар ва қўшма корхоналар сони кўпайиб бормоқда. Шу билан бирга якка тадбиркор, ҳунарманд ва оилавий корхоналар ҳам ўз фаолиятини бошламоқда. Хусусий мулк субъектларида тармоқ касаба уюшмаси туман-шаҳар кенгашлари томонидан касаба уюшманинг мақсад ва вазифалари, афзалликлари ҳамда нодавлат секторида барпо этилаётган корхоналарда касаба уюшмаси бошланғич ташкилотларини тузиш, ишловчи ходимларнинг ҳуқуқий ҳимояси бўйича кенг тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида касаба уюшма ташкилотларини тузиш, бу орқали уларда меҳнат қилаётган ходимларнинг жамоа шартномалари ва келишувларида белгиланган имтиёз ҳамда қулайликлардан фойдаланишни таъминлаш борасидаги ишлар давом этмоқда.
Жорий йилнинг ноябрь ойида Андижон туманида фаолият кўрсатаётган “Milana textile” МЧЖ ва “Everest metal favourite” МЧЖ корхоналарида бошланғич касаба уюшма ташкилотлари тузилди ва 213 нафар ходим касаба уюшма аъзолигига қабул қилинди. Ҳар иккала корхона Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Андижон туман кенгаши хизматига олинди.
Ўз-ўзидан равшанки, нодавлат сектори корхоналарида меҳнат қилаётган ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга имтиёз ва кафолатлар яратишда касаба уюшмаларининг ўрни, ҳуқуқий меҳнат муносабатларини тартибга солишда жамоа шартномалари ва келишувларининг ўрни муҳим аҳамиятга эгадир.
Тармоқ Республика Кенгашининг
Андижон вилояти бўйича масъул
ташкилотчиси Б.Ҳамдамов