Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг
26 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги ПФ-5135-сонли Фармойиши ижросида касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқдалар.
Хусусан, Қашақадарё вилоятидаги тармоққа қарашли меҳнат жамоаларида касаба уюшмалари ташкилотчилигида “Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир” мавзусида “Маънавият соатлари” ўтказилди.
Унда мамлакатимизда Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш ва ривожлантиришда эришилаётган ютуқлар, миллий армиянинг мамлакатимиз мустақиллигини, суверенитетини сақлашнинг, сарҳадлар даҳлсизлигини таъминлашнинг ҳамда Ватанимиздаги тинч ва хотиржам ҳаётнинг кафолати эканлиги тарғиб қилинди.
Шунингдек, меҳнат жамоаларида ёшларни она юртга муҳаббат руҳида тарбиялаш, уларни Ватанни ҳимоя қилишдек улуғ мақсадга интилиши, жасурлик ва фидойилик каби фазилатларини шакллантиришга қаратилган “Миллий армиямиз ёшларимиз қалбида садоқат, жасорат, матонат туйғуларини мустаҳкамловчи ҳаёт мактабидир”, “Ватанни ҳимоя қилиш – шарафли, олийжаноб ва масъулиятли бурч”, “Миллий армия байрами – менинг байрамим!”, “Қуролли Кучларимизнинг фуқаролик жамиятидаги ўрни ва роли” мавзуларида давра суҳбатлари, учрашувлар ва маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Жумладан, 2018 йил 11 январь куни Қарши туман Сервис ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежида “Миллий армиямиз ёшларимиз қалбида садоқат, жасорат, матонат туйғуларини мустаҳкамловчи ҳаёт мактабидир” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Ушбу тадбирда Қарши тумани Мудофаа ишлари бўлими ходимлари ҳамда коллеж ўқувчилари, жами 150 нафар киши иштирок этдилар.
Тадбирда коллеж директори З.Маманазарова, Қарши туман Мудофаа ишлар бўлими сафарбарлик чақирув резерви бўлинмаси бошлиғи О.Амиркулов ва бошқалар сўзга чиқиб, тадбир иштирокчиларини байрам билан қутлади.
Тадбир сўнгида коллежнинг иқтидорли ва фаол ўқувчилари томонидан тайёрланган байрам дастури намойиш этилди. Ёш иқтидор эгалари ҳамда эстрада хонандалари томонидан куйланган ашула ва қўшиқлар барчага хуш кайфият улашди.