Шу кунларда мустақиллигимиз асосчиси, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланмоқда. Ушбу сана муносабати билан Андижон вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Андижон вилоят туман-шаҳар кенгашлари раислари ҳамда йирик бошланғич ташкилот раислари иштирок этдилар.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги Қарорида таъкидланганидек, мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ҳамда ардоқли фарзанди Ислом Каримов Ватанимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклади. У ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирганлиги яна бир бор эсга олинди.
Тадбирда Ислом Каримовнинг Ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигига қўшган улкан ҳиссаси, у кишининг серқирра фаолияти акс эттирилган “Эъзоз” номли видеофильм намойиш қилинди.